Reuters/Ipsos томонидан ўтказилган сўровда Трампнинг мустақил сайловчилар ва 2024 йилги президентлик сайловида унга овоз берган латино сайловчилар орасидаги қўллаб-қувватлови ҳам камайгани аниқланган.
Мазкур натижалар АҚШ Конгресси устидан назорат кимда бўлишини белгилайдиган 3 ноябрдаги оралиқ сайловларга бир ой қолган пайтга тўғри келмоқда.
Трамп эса рейтинглари пасайгани ҳақидаги саволга бошқача муносабат билдирган. 5 октябрь куни Небраска штатига учишидан олдин журналист ундан латино сайловчилари орасида қўллаб-қувватлови пасайгани ҳақида сўраганида, Трамп «Мен жуда яхши ишлаяпман», деб жавоб берган.
Шу билан бирга, NBC News ва Telemundo томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, латино сайловчиларининг 59 фоизи Конгресс устидан Демократик партия назорати ўрнатилишини хоҳламоқда. Бу кўрсаткич икки йил аввалги натижага нисбатан икки баравар юқори.
Сўровда испан тилида сўзлашувчи америкаликларнинг атиги 24 фоизи Трамп фаолиятини маъқуллаган.
Трамп сўнгги кунларда мамлакат бўйлаб Республикачилар партияси номзодларини қўллаб-қувватлаш учун сайловолди тадбирларида иштирок этмоқда. Бироқ айрим республикачилар, хусусан иммиграция масаласида, маҳаллий сайловчилар қўлловини сақлаб қолиш мақсадида президент позицияларидан узоқлашаётгани айтилмоқда.
Америкалик сайловчилар орасида иқтисодиёт, турмуш қиймати ва Эрон билан боғлиқ уруш каби масалалар юзасидан норозилик кучайиб бораётгани қайд этилмоқда. Reuters маълумотларига кўра, юқори нархлар ва иқтисодий хавотирлар сайловчилар кайфиятига таъсир қилаётган асосий омиллардан бўлиб қолмоқда.
Шу тариқа, Трампнинг рекорд даражада паст рейтинг кўрсаткичи АҚШда Конгресс учун ўтказиладиган оралиқ сайловлар арафасида сиёсий муҳокамаларнинг асосий мавзуларидан бирига айланмоқда. Бироқ мазкур сўровлар сайлов натижаларини олдиндан белгилаб бермайди.






