АсосийДУНË

Латвия ўзбекистонликларга виза беришни чеклайдими?

ТИВ изоҳ берди.

'Латвия ўзбекистонликларга виза беришни чеклайдими?'ning rasmi

Латвия Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинча тўхтатиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги изоҳ берди. Вазирлик маълум қилишича, Латвия томони мавжуд ҳолатга ўзгартириш киритишга эҳтиёж йўқлигини билдирган.

Аввалроқ Латвия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинча тўхтатишни таклиф қилгани хабар қилинган эди.

Ушбу хабарлар тарқалиши билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тегишли дипломатик чоралар кўрилган.

Жумладан, Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси Латвия Бош вазири офиси раҳбарияти, Ташқи ишлар ва Иқтисодиёт вазирликлари, шунингдек, Президент администрацияси вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказган.

Бундан ташқари, ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳам мулоқотлар олиб борган.

Музокаралар давомида Латвия томонига таклиф этилаётган чораларнинг икки давлат ўртасидаги муносабатларга эҳтимолий таъсири юзасидан Ўзбекистоннинг позицияси етказилган.

Кўрилган дипломатик чоралар натижасида Латвия томони мавжуд ҳолатга ўзгартириш киритишга эҳтиёж йўқлигини билдирган.

«Ўзбекистон Латвия билан шаклланган дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни юксак қадрлайди. Латвия мамлакатимизнинг Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкорларидан бири бўлиб, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, миграция ва бошқа соҳалардаги алоқаларимиз изчил ривожланиб бормоқда», дейилади ТИВ изоҳида.

Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлиги хорижда бўлиб турган ёки чет элга чиқишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларини мамлакат қонунчилигига қатъий риоя қилишга, миллий урф-одат ва анъаналарни ҳурмат қилишга чақирди.

Вазирликнинг таъкидлашича, айрим шахсларнинг қонунбузарликка йўл қўйиши нафақат уларнинг ўзларига, балки хорижда қонуний асосда таҳсил олаётган, ишлаётган, саёҳат қилаётган ёки истиқомат қилаётган бошқа Ўзбекистон фуқароларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

    Бошқа янгиликлар

    Латвия ўзбекистонликларга виза беришни чеклайдими? - Darakchi.uz