Франциянинг Иссуар шаҳрида Сальвадор Дали томонидан яратилган, вазни 150 килограмм бўлган бронза китоб муқоваси ўғирлаб кетилди. Ҳодиса 4 октябрдан 5 октябрга ўтар кечаси содир бўлган.
Қайд этилишича, “Апокалипсис китоби”нинг бронза муқоваси Иссуардаги Замонавий санъат марказидан йўқолган. Муқова олтин, қимматбаҳо тошлар ва чиғаноқлар билан безатилган.
Клермон-Ферран прокуратураси мазкур асарни “камёб ва бетакрор” деб атаган. Биргина муқованинг оғирлиги 150 килограммни ташкил этади, китобнинг умумий вазни эса қарийб 210 килограмм.
Ҳозирча ўғрилар бундай оғир буюмни музейдан қандай қилиб олиб чиқиб кетгани номаълум. Полиция музейга бузиб кирилгани ёки бошқа усулдан фойдаланилгани ҳақида ҳам маълумот бермаган.
Иссуар мэри Бертран Барро ҳодисани оғир йўқотиш деб баҳолаган.
Асар эгаси Кристиан Карутзос эса ўғриликни Франциянинг маданий меросига зарба сифатида баҳолади.
“Улар ўтган кеча Францияни ўлдиришди, Франция меросини йўқ қилишди”, деган у маҳаллий радиога берган интервьюсида.
Маълумот учун, “Апокалипсис китоби” 1958 йилда ношир Жозеф Форэ ташаббуси билан яратилган. Унда Жан Кокто, Бернар Бюффе ва Жан Жионо каби 14 нафар таниқли рассом ва ёзувчи иштирок этган.
Сальвадор Дали мазкур нашр учун бронза муқова ясаган. Китоб 150 та йирик пергамент вароғидан иборат бўлиб, уни тайёрлашда хаттотлик ишларига қарийб 2 минг соат сарфланган. 550 та ҳарфга олтин суви юритилган.
Ҳодиса юзасидан терговни Клермон-Ферран жандармериясининг қидирув бригадаси олиб бормоқда. Ўғрилик Франция музейларига қилинган қатор ҳужумлар фонида содир бўлган.






