Олимларга мукофот “ёруғлик ёрдамида бошқариладиган ион каналлари ва оптогенетика соҳасидаги кашфиётлари учун” берилди.
Нобель ассамблеяси маълум қилишича, оптогенетика асаб ҳужайраларини ёруғлик ёрдамида фаоллаштириш ёки уларнинг фаолиятини тўхтатиш имконини берадиган усул ҳисобланади. Мазкур технология мияда хотира, ҳис-туйғу ва хулқ-атворни шакллантирувчи асаб занжирларини ўрганишда янги имкониятлар очган.
Питер Хегеманн ва Георг Нагел 2000 йиллар бошида бир ҳужайрали сувўтида ёруғликка сезгир оқсил — каналродопсинни аниқлаган. Кейинчалик Стэнфорд университети олими Карл Дейссерот ушбу оқсилдан асаб ҳужайраларида фойдаланиб, нейронлар фаолиятини ёруғлик орқали бошқариш усулини ривожлантирган.
Бу технология ёрдамида нейронларни жуда аниқ тарзда фаоллаштириш ёки фаолиятини тўхтатиш мумкин. Шу сабабли оптогенетика мия фаолиятини ўрганишда муҳим илмий воситага айланган.
Олимлар ушбу усул орқали муайян хотиралар, ҳис-туйғулар ва хатти-ҳаракатларни шакллантиришда иштирок этувчи асаб занжирларини тадқиқ қилмоқда.
Оптогенетиканинг тиббиётда ҳам истиқболли йўналишлари мавжуд. Хусусан, тадқиқотчилар ундан кўриш қобилиятини тиклаш, шунингдек, айрим неврологик ва руҳий касалликларни ўрганиш ҳамда даволаш имкониятларини тадқиқ қилмоқда.
Маълумот учун, 2026 йилги Нобель мукофотларини эълон қилиш ҳафталиги 5 октябрь куни физиология ва тиббиёт йўналишидан бошланган. Физика бўйича лауреатлар 6 октябрь, кимё бўйича 7 октябрь, адабиёт бўйича 8 октябрь, Тинчлик мукофоти соҳиби 9 октябрь ва иқтисодиёт бўйича лауреатлар 12 октябрь куни эълон қилинади.






