АсосийДУНË

Озарбайжондаги ҳижоб чекловлари Туркияда норозиликка сабаб бўлди

Маълум қилинишича, тадбир “28 февраль” номи остида ташкил этилган. Унда иштирокчилар Озарбайжон таълим тизимида кийиниш қоидалари “дунёвийлик” ва “форма яхлитлиги” тамойиллари асосида жорий этилганига қарши чиққан.

'Озарбайжондаги ҳижоб чекловлари Туркияда норозиликка сабаб бўлди'ning rasmi

Озарбайжон мактабларида ҳижоб кийишга нисбатан чекловлар жорий этилгани ҳақидаги хабарлар ортидан Туркиянинг Истанбул шаҳрида норозилик намойиши ўтказилди. Намойишчилар Боку ҳукуматидан ушбу чекловларни бекор қилишни талаб қилди.

Маълум қилинишича, тадбир “28 февраль” номи остида ташкил этилган. Унда иштирокчилар Озарбайжон таълим тизимида кийиниш қоидалари “дунёвийлик” ва “форма яхлитлиги” тамойиллари асосида жорий этилганига қарши чиққан.

Намойишда турк ва озарбайжон тилларида “Озарбайжонда ҳижобга тақиқ йўқ!” деган ёзувли баннер кўтарилган. Шунингдек, “Ҳижоб мусулмон аёлнинг паспортидир”, “Озарбайжонга 28 февраль келмасин” ва “Бу хатодан воз кеч” каби шиорлар ёзилган плакатлар намойиш этилган.

Тадбирда сўз олган Аҳмет Керим Артук Озарбайжондаги кийиниш қоидаларининг ҳуқуқий асосларига тўхталди. Унинг айтишича, Озарбайжон Миллий Мажлиси 2026 йил июль ойида “Умумий таълим тўғрисида”ги қонунга “миллийлик ва дунёвийлик” тамойилларини киритган. Кейинчалик Вазирлар Маҳкамаси қарори билан мактабларда кийиниш қоидалари жорий этилган.

Артук мазкур қоидаларда мактаб формаси яхлитлигини бузадиган ёки таълимнинг дунёвийлик тамойилига мос келмайдиган кийим элементларидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланганини таъкидлади.

У Озарбайжонда ҳижоб кийган ўқувчи қизларнинг мактабга киритилмаётгани ҳақидаги хабарларни танқид қилди.

Шунингдек, “Özgür-Der” ташкилотининг собиқ раиси Ҳүля Шекержи Озарбайжондаги вазиятни Туркиядаги 28 февраль воқеаларига қиёслади. Унинг таъкидлашича, 15–17 ёшли ўқувчилар давлат томонидан босимга учраётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Маълумот учун, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 2026 йил 7 июль куни “Умумий таълим тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришларни тасдиқлаган. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, сентябрь ойи бошларида ҳижоб кийган айрим ўқувчилар мактабга қабул қилинмаган ва таълим муассасасига киритилмаган.

Туркиядаги намойишда иштирокчилар Озарбайжон ҳукуматидан ушбу амалиётга чек қўйишни талаб қилди.

    Бошқа янгиликлар

    Озарбайжондаги ҳижоб чекловлари Туркияда норозиликка сабаб бўлди - Darakchi.uz