Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхона хўжаликларига экологик тоза технологияларга ўтиш шарти билан фаолиятини давом эттиришга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, пойтахт минтақасида кўмир ёқилғисидан фойдаланадиган иссиқхоналар сабаб атмосфера ҳавоси ифлосланиши ва нохуш ҳидлар юзага келиши бўйича аҳоли шикоятлари кўпайган. Хусусан, Юнусобод туманида яшовчилар ҳаво сифати ёмонлашганидан норозилик билдирган.
Қайд этилишича, тунги вақтда ҳароратнинг кескин пасайиши ва шамолсиз об-ҳаво шароитида атмосферада инверсия ҳодисаси кузатилиб, ифлослантирувчи моддаларнинг тўпланишига шароит яратилади. Мурожаатлар асосида тегишли ташкилотлар жойларда ўрганишлар ўтказиб, атмосфера ҳавосидан намуналар олган.
Муаммони ҳал қилиш мақсадида иссиқхона хўжаликларини модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларга ўтиш ва ҳавога чиқарилаётган зарарли моддаларни онлайн кузатиш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Таклифга кўра, давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олган иссиқхоналар табиий ва суюлтирилган газ, электр, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида ҳосил бўладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланиши мумкин.
Ушбу манбалардан фойдаланиш имконияти бўлмаган ҳолатларда кўмирда ишлашга ҳам рухсат бериш кўзда тутилмоқда. Бироқ бунинг учун иссиқхоналар белгиланган экологик стандартларга жавоб берадиган замонавий қозонлар, чиқиндиларни тозалаш ва фильтрлаш ускуналари билан жиҳозланиши шарт. Шунингдек, видеокузатув тизимлари ўрнатилиб, маълумотлар Экология қўмитаси ҳузуридаги Миллий экологик мониторинг марказига узатилиши керак.
Иссиқхона хўжаликлари Хитой технологиялари асосида ишлаб чиқилган қозонхона ва фильтр тизимининг тажриба намунасини ҳам тақдим этган. Бироқ 30 сентябрь ва 8 октябрь кунлари ўтказилган ўлчовлар фильтрнинг дастлабки намунаси ҳавога чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар бўйича хавфсизлик талабларига жавоб бермаслигини кўрсатган. Келишувга мувофиқ, фильтр такомиллаштирилиб, кейин қайта синовдан ўтказилади.
Айни вақтда иссиқхона қозонхоналари фильтрлари учун хавфсиз чиқинди стандартларини белгилашга қаратилган ҳужжат лойиҳаси тайёрланган. Шунингдек, экологик тоза технологияларга ўтадиган хўжаликлар учун субсидиялар ва солиқ имтиёзлари жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, экологик хавфсиз иситиш тизимлари билан жиҳозланмаган иссиқхоналарнинг пойтахт минтақасида фаолият юритишига қўйилган тақиқ сақланиб қолади. Экология қўмитаси бошқа масъул идоралар билан ҳамкорликда иссиқхоналар устидан доимий экологик мониторинг олиб боришини маълум қилди.






