АсосийЖИНОЯТ

Наманганда сохта кредит таклиф қилиб, фуқаролардан 250 млн сўмдан ортиқ пул олган шахс қўлга тушди

Ҳозирда терговга оид процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда.

'Наманганда сохта кредит таклиф қилиб, фуқаролардан 250 млн сўмдан ортиқ пул олган шахс қўлга тушди'ning rasmi

Наманган вилоятининг Косонсой туманида Telegram орқали кам фоизли кредит ваъда қилиб, фуқаролардан 250 миллион сўмдан ортиқ пул олганликда гумонланаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, гумонланувчи Telegram мессенжерида "Микрокредит" номли сохта саҳифа очиб, фуқароларга кам фоизли кредит таклиф қилган. Кредитни расмийлаштириш баҳонасида улардан олдиндан банк карталарига пул ўтказишни сўраган. Бироқ пуллар ўтказилганидан кейин кредит ажратилмаган ва гумонланувчи фуқаролар билан алоқани узган.

Дастлабки маълумотларга кўра, фирибгарлик оқибатида етказилган зарар 250 миллион сўмдан ошган.

Гумонланувчи аввал ҳам фирибгарлик учун судланганини, бу сафар эса оилавий шароити яхши бўлмагани сабабли жиноятни такрорлаганини айтган. У фуқаролардан олган пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаганини билдириб, қилмишидан пушаймонлигини айтган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилиб, гумонланувчи қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси учинчи қисми "б" ва "в" бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда терговга оид процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар