Қирғизистон президенти Садир Жапаров этник қиргизларга фуқаролик ва паспорт бериш жараёнини тезлаштириш, ҳужжатларни бир кун ичида расмийлаштириш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда "AKIpress" хабар берди.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари Боткен шаҳри аҳолиси билан учрашувда Ўзбекистондан Қирғизистонга кўчиб борган ва қиргизистонлик эркакка турмушга чиққан этник қиргиз аёлнинг мурожаатини тинглаган. Аёл узоқ вақтдан бери Қирғизистон фуқаролигини ололмаётганини айтган.
Жапаров масъулларга ушбу масалани кўриб чиқишни топширган. Шунингдек, у Афғонистон ва Тожикистондан Қирғизистонга кўчиб келган айрим этник қиргизлар ҳам ҳанузгача паспорт ололмаётганини таъкидлаган.
"Агар қиргиз бўлса, ортиқча текшириб ўтирманг, ҳужжатларини дарҳол, бир кун ичида беринг", — деган президент.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтказилган Чўнгғара ва Тош-Тепа қишлоқлари аҳолисига Қирғизистон фуқаролигини бериш режалаштирилаётгани хабар қилинганди. Ушбу қишлоқларда тахминан 2,5 минг киши истиқомат қилади.
2026 йил 3 августдан бошлаб мазкур ҳудудлар аҳолисини рўйхатга олиш ва ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари бошланган. Жараён якунланганидан сўнг уларга Қирғизистон фуқаролигини бериш белгиланган.






