АсосийЖИНОЯТ

Хориждан Ўзбекистонга юборилган қарийб 25 килограмм прегабалин тўхтатиб қолинди

Хитойдан курьерлик хизмати орқали Ўзбекистонга юборилган қарийб 25 килограмм прегабалин моддаси аниқланди. Ҳолат юзасидан икки нафар шахс ушланиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

'Хориждан Ўзбекистонга юборилган қарийб 25 килограмм прегабалин тўхтатиб қолинди'ning rasmi

Ўзбекистонга хориждан курьерлик хизмати орқали юборилган қарийб 25 килограмм кучли таъсир қилувчи модда аниқланди. Давлат хавфсизлик хизмати ва "Тошкент-АЭРО" ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу моддани қабул қилиб олишга уринган икки нафар шахс қўлга олинди.

Маълум қилинишича, Хитойдан юборилган жўнатма Тошкент шаҳридаги курьерлик хизмати билан шуғулланувчи фирма офисига келтирилган. Уни қабул қилиб олиш вақтида Юнусобод туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган шахс ҳамда унинг 1998 йилда Фарғона вилоятида туғилган таниши ушланган. Иккинчи шахс ҳозирда Чилонзор туманида вақтинча истиқомат қилиб келган.

Жўнатма очиб текширилганда, унинг ичида оқ рангли кукун кўринишидаги 24 килограмм 974 грамм прегабалин моддаси борлиги аниқланган. Мазкур модда кучли таъсир қилувчи воситалар қаторига киради.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушланган икки нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Айни вақтда ушбу ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар