АсосийЖИНОЯТ

Гулистонда наркотик моддалар тайёрланган яширин лаборатория фош этилди

Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

'Гулистонда наркотик моддалар тайёрланган яширин лаборатория фош этилди'ning rasmi

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида кучли таъсир қилувчи моддаларни қайта ишлаш ва сотиш билан шуғулланган уч нафар фуқаро қўлга олинди. Улардан 5 килограмм 863 грамм прегабалин ва 100 минг дона бўш капсула мусодара қилинди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида кўп қаватли уйлардан бирида ташкил этилган яширин лаборатория аниқланди.

Маълум қилинишича, 2003 ва 2005 йилларда туғилган уч нафар маҳаллий фуқаро хонадонда кучли таъсир қилувчи моддаларни қайта ишлаб, сотиш билан шуғулланган.

Холислар иштирокида ўтказилган текширувда хонадондан 5 килограмм 863 грамм прегабалин, 100 минг дона бўш капсула, иккита электрон тарози, тиббий қўлқоплар ва бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276¹-моддаси 2-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар