АсосийЖИНОЯТ

Хитойдан 25 килограмм прегабалин юборилди: Гулистонда яширин нарколаборатория аниқланди

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.

'Хитойдан 25 килограмм прегабалин юборилди: Гулистонда яширин нарколаборатория аниқланди'ning rasmi

Хитойдан Ўзбекистонга озиқ-овқат маҳсулотларига қўшиладиган рангли қўшимчалар сифатида расмийлаштирилган курьерлик жўнатмаси орқали қарийб 25 килограмм прегабалин олиб киришга уриниш аниқланди. Ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Гулистон шаҳрида яширин нарколаборатория ташкил этиш билан боғлиқ ҳолат ҳам фош этилди.

"Тошкент-Аэро" ихтисослаштирилган божхона комплекси тезкор тузилмалари ҳамда «Электрон тижорат» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари Хитойдан юборилган курьерлик жўнатмасини текширган. Ҳужжатларда юк таркибида озиқ-овқат маҳсулотларига қўшиладиган рангли қўшимчалар борлиги кўрсатилган бўлса-да, божхона назорати давомида оқ рангли кристаллсимон кукун аниқланган.

Божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораторияси экспертизаси хулосасига кўра, жўнатма таркибида қарийб 25 килограмм прегабалин кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган.

Тезкор тадбирлар Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги вакиллари билан ҳамкорликда давом эттирилган. Аниқланишича, юклар «Telegram» мессенжеридаги "ALTAIR" номли аккаунт орқали Гулистон шаҳрида яшовчи икки нафар фуқаро номига юборилган. Улар курьерлик жўнатмасини Тошкент шаҳрида қабул қилиб олаётган вақтда тўхтатилган.

Шундан сўнг Гулистон шаҳрида гумонланувчиларнинг яшаш хонадонлари кўздан кечирилган. Натижада 8 минг дона бўш капсула, қўлбола усулда тайёрланган 300 дона капсула, иккита электрон тарози, беш жуфт тиббий қўлқоп ҳамда 5 килограмм мефедрон гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда аниқланган.

Маълум қилинишича, гумонланувчилар 20–21 ёшда бўлиб, интернет тармоғидаги «SIMBIOZ» номли наркодўкон орқали фаолият юритган. Тезкор тадбирлар давомида кучли таъсир қилувчи моддаларни олиб кириш билан бирга, яширин нарколаборатория ташкил этишга уриниш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.

    Бошқа янгиликлар