Сўнгги йилларда мамлакатимизда илмий тадқиқотлар ва илғор тажрибани таълим жараёнига татбиқ этиш, иқтисодиёт тармоқлари учун замонавий билим ва кўникмаларга эга малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Автомобиль йўллари қўмитасининг мазкур маркази ҳам шу мақсадда ташкил этилган. У йўл хўжалигида илмий изланишларни ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва янги авлод муҳандисларини тайёрлашга хизмат қилади. Умумий майдони 2,7 гектар бўлган мажмуада 80 та доимий иш ўрни яратилган.
Марказнинг ўқув полигонида автомобиль йўлларининг конструкциялари ва асосий элементлари ҳақиқий ўлчамларда акс эттирилган. Бу ерда мутахассислар ва талабалар йўл тўшамаси қатламлари, йўл белгилари, хавфсизлик тўсиқлари, сув қочириш тизимлари, кўприклар ҳамда сув ўтказиш қувурларининг тузилиши ва вазифаларини амалий ўрганиши мумкин.
Полигоnda I–V техник тоифаларга мансуб автомобиль йўлларининг геометрик параметрлари, уларга мос цемент-бетон, иссиқ ва совуқ асфальт-бетон, шағал ҳамда чақиқтош қопламалари намойиш этилган. Жами 75 турдаги йўл элементи жамланган.
Мажмуада махсус техника парки ҳам барпо этилган. Унда йўл-қурилиш машиналари, йўл қатламларини диагностика қилишга мўлжалланган кўчма лаборатория, сунъий интеллект асосида ишловчи кузатув ва вазн ўлчаш тизимлари билан жиҳозланган транспорт воситалари мавжуд. Бу ерда замонавий техниканинг ишлаш тамойиллари ва ундан фойдаланиш усуллари ўргатилади.
Мажмуа таркибидаги Вазият марказида автомобиль йўлларининг техник ҳолати, транспорт ҳаракати, об-ҳаво шароити, қурилиш ва таъмирлаш ишларига оид маълумотлар ягона рақамли тизимда жамланади ва таҳлил қилинади.
Марказ Қўмитанинг еттита ахборот тизими билан интеграция қилинган. Бу ерда RAMS тизими орқали 42,4 минг километр автомобиль йўлининг техник ҳолатини баҳолаш, сунъий интеллект ёрдамида йўл қопламасини таҳлил қилиш, WIM тизими орқали транспорт воситаларининг оғирлигини ўлчаш, йўл-қурилиш техникаси ҳаракатини GPS орқали кузатиш ва пулли йўллардаги тўловларни онлайн назорат қилиш имкониятлари яратилган.
Айни пайтда марказнинг тўққиз нафар оператори халқаро аҳамиятга эга A-373 автомобиль йўлининг Қамчиқ довони орқали ўтувчи 100 километрлик қисмини реал вақт режимида кузатиб бормоқда.
Масъул вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция орқали йўллардаги вазиятни автоматик таҳлил қилиш, хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва тезкор огоҳлантириш механизми йўлга қўйилган.
Мутахассислар малакасини ошириш ва талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш учун интерактив воситалар билан жиҳозланган учта ўқув хонаси ҳамда илмий кутубхона ташкил этилган.
Йўл-қурилиш материалларини тадқиқ этиш ва синовдан ўтказишга мўлжалланган учта замонавий лаборатория иш бошлаган. Уларда асфальт-бетон, цемент-бетон, инерт материаллар ва битумнинг хусусиятлари ўрганилади. Ҳозирда бу ерда 15 нафар олим ва беш нафар изланувчи илмий фаолият олиб бормоқда.
Президент мажмуадаги "Вақт магистрали" музейи билан ҳам танишди. Унда Ўзбекистон йўл хўжалигининг шаклланиши ва ривожланиш тарихига оид 107 та экспонат, турли даврларда қўлланилган қурилиш материаллари, технологиялар ҳамда ноёб муҳандислик ечимлари намойиш этилган.
Музейда ўтган асрга оид йўл-қурилиш машиналари ҳам жамланган. Уларнинг тарихи ва вазифалари ҳақида интерактив экранлар орқали уч тилда маълумот олиш мумкин.
Давлат раҳбари марказ имкониятларидан самарали фойдаланиш, йўл хўжалиги учун малакали муҳандис ва мутахассислар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни соҳанинг амалий эҳтиёжларига йўналтириш, йўл қурилиши сифати ва фойдаланиш самарадорлигини оширишда замонавий технологияларни кенг қўллаш муҳимлигини таъкидлади.
Шу ернинг ўзида автомобиль йўллари соҳасида йирик лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётган хорижий инвесторлар билан ҳам суҳбат бўлиб ўтди.






