АсосийСИЁСАТ
Муаллиф: Darakchi.uz

“Ўзмиллийбанк”нинг иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича режалари кўриб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёевга “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ахборот берилди.

'“Ўзмиллийбанк”нинг иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича режалари кўриб чиқилди'ning rasmi

Мамлакатда иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқаришда банк тизимининг иштироки тобора кенгайиб бормоқда.

Жорий йилда “Ўзмиллийбанк” томонидан мижозларга жами 38,5 триллион сўм кредит ажратиш режалаштирилган. Шундан 28,2 триллион сўми юридик шахсларга, 10,3 триллион сўми эса жисмоний шахсларга йўналтирилади.

Ўтган даврда иқтисодиётнинг асосий тармоқларини, жумладан, саноат ва инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган 2 мингта лойиҳага 15 триллион сўм кредит ажратилди. Қурилиш соҳасидаги 235 та лойиҳани молиялаштириш учун эса 1,7 триллион сўм йўналтирилди.

Ёшларни, айниқса, таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорликка жалб қилиш ва уларнинг бизнес ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилда банк томонидан молиялаштирилган лойиҳалар орқали 306 минг нафар битирувчининг бандлиги таъминлангани қайд этилди. Шунингдек, ёшлар ва битирувчиларнинг бизнес лойиҳаларига ажратиладиган кредитлар ҳажмини 618 миллиард сўмга етказиш ҳамда бу орқали қарийб 10 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Банкка бириктирилган 1 минг 188 та маҳаллада аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган 13 мингта микролойиҳа шакллантирилган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 2,8 триллион сўм кредит йўналтириш ва 178 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Тақдимотда “Ўзмиллийбанк”нинг 2027 йилга мўлжалланган асосий вазифалари ҳам кўриб чиқилди.

Келгуси йилда банк томонидан ажратиладиган кредитлар ҳажмини 43 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. Жумладан, иқтисодиётнинг реал секторига 18 триллион сўм, инфратузилма лойиҳаларига эса 5 триллион сўм йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Президент банк ресурсларини, аввало, юқори қўшилган қиймат яратувчи лойиҳаларни молиялаштириш, иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини ошириш, аҳолининг тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантириш ва барқарор иш ўринларини яратишга йўналтириш муҳимлигини таъкидлади.

Банк раҳбариятига кредит маблағларининг иқтисодий самарадорлигини ошириш, истиқболли лойиҳаларни шакллантириш ва амалга оширишда тадбиркорларга кўмаклашиш, шунингдек, маҳаллаларда аҳоли даромадларини кўпайтиришга қаратилган молиявий кўмак ишларини янада жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

    Бошқа янгиликлар