АсосийСИЁСАТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ўзбекистонда 2030 йилгача авиапарк 250 тага етказилади

Президент Шавкат Мирзиёев инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини тинглади.

'Ўзбекистонда 2030 йилгача авиапарк 250 тага етказилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда авиация ва жамоат транспортини ривожлантириш, халқаро аэропортлар инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда маҳаллий авиакомпанияларни қўллаб-қувватлаш бўйича вазифаларни белгилади.

Сўнгги йилларда мамлакатда 11 та халқаро аэропорт замонавий талаблар асосида реконструкция қилинди. Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Арнасой, Шаҳрисабз, Сариосиё ва Сўхдаги аэропортлар тикланиб, аэропортлар сони 18 тага етди. Урганч, Самарқанд, Бухоро ва Наманган аэропортлари хусусий шериклик асосида инвесторларга ишончли бошқарувга берилди.

Жорий йилда авиация орқали йўловчи ташиш ҳажми 17 миллион нафарни ташкил этиши кутилмоқда. Яқин йилларда бу кўрсаткични 25 миллион нафарга етказиш мақсад қилинган.

Шунингдек, Саудия Арабистони, Япония ва Жанубий Корея компаниялари билан ҳамкорликда 1,3 минг гектар майдонда янги халқаро аэропорт барпо этилмоқда. Унга туташ 800 гектар ҳудудда 5 миллиард долларлик “Aerocity” лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа доирасида логистика ва электрон тижорат марказлари, нуфузли брендлар, замонавий меҳмонхоналар ҳамда турар жойларни қамраб олган яхлит экотизим яратилади.

Мутасаддиларга келгуси йилнинг 1 июлига қадар ҳудуднинг мастер-режасини якунлаб, маҳаллий ва хорижий инвесторларга тақдим этиш топширилди.

Авиакомпанияларга имтиёзлар берилади

Давлатимиз раҳбари резидент авиакомпаниялар учун қўшимча имтиёз ва енгилликлар жорий этилишини маълум қилди.

Келгуси йилдан авиайоқилғи нархи жаҳондаги ўртача нархга боғланган ҳолда шакллантирилади. Авиайоқилғи акциз солиғидан озод этилиб, қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкаси қўлланилади.

Эҳтиёт қисмлар учун божхона божи бўйича имтиёз 2040 йилгача узайтирилади. Ҳаво кемалари, двигателлар ва агрегатлар ижарасига ҳам қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкаси татбиқ этилади.

Мутасаддиларга резидент авиакомпанияларга эҳтиёт қисмлар импорти бўйича қўшилган қиймат солиғини бир кунда қайтариш тизимини йўлга қўйиш топширилди.

Маҳаллий учувчиларни тайёрлаш ва ишга олиш мажбуриятини олган авиакомпаниялар учун ҳам алоҳида енгилликлар берилади. Улар жалб қилган хорижлик мутахассисларга ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади. Бундай мутахассисларга рухсатнома бериш учун йиғим миқдори 30 баравар камайтирилади.

Яратилаётган шароитлар ҳисобига ҳаво кемалари сонини келгуси йилда 150 тага, 2030 йилга қадар эса камида 250 тага етказиш вазифаси қўйилди.

Халқаро аэропортларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида улар 2030 йилгача мол-мулк ва ер солиқларидан озод этилади. Бунда тежалган маблағларни аэропортлар инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтириш шарт бўлади.

Ўзбекистон халқаро фуқаро авиацияси университети ташкил этилади

Президент Ўзбекистон халқаро фуқаро авиацияси университетини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Бунинг учун Янги Тошкент ҳудудидан 20 гектар ер ажратилади. Университет ҳудудида замонавий кампус, ўқув-симуляция ва илмий-тадқиқот марказлари жойлашади.

Автобус йўналишлари “брутто” тизимига ўтказилади

Сўнгги уч йилда тадбиркорлар томонидан 3,5 мингдан зиёд замонавий автобус олиб келинди, 330 та йўналиш янги тизимга ўтказилди. Натижада кунлик йўловчилар оқими пойтахтда 2 баравар, ҳудудларда эса 2,5 баравар ошди.

Эндиликда пойтахтни агломерация ҳудудлари билан боғловчи, узунлиги 20 километргача бўлган барча автобус йўналишлари тўлиқ “брутто” тизимига ўтказилади.

Камида 100 та автобусга мўлжалланган автобус саройини қурадиган тадбиркорларнинг қурилиш харажатлари солиқ базасидан чегириб берилади.

Мутасаддиларга бир ойда олис ҳудудларни шаҳарлар билан боғловчи автобус йўналишларида тадбиркорлар учун жозибадор бўлган, “брутто” тизимига ўхшаш янги молиялаштириш механизмини ишлаб чиқиш топширилди.

Метрополитенга 28 та янги поезд олиб келинади

Бугунги кунда пойтахтдаги йўловчиларнинг 46 фоизи метрополитен ҳиссасига тўғри келмоқда. Метродан кунлик фойдаланиш 25 фоизга ўсган бўлиб, йил якунига қадар йўловчилар сони кунига 1,3 миллион нафарга етиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, бекатларда тирбандлик ва поездларга чиқишда навбатлар кузатилаётгани қайд этилди.

Метрополитеннинг ҳаракат таркибини янгилаш давом эттирилиб, кейинги икки йилда 28 та беш вагонли поезд олиб келинади. Шунингдек, ҳозирда фойдаланилаётган 40 та тўрт вагонли поезд беш вагонли тизимга ўтказилади.

    Бошқа янгиликлар