АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Умрага отланган 104 нафар қирғизистонлик Тошкентда қолиб кетди

Бироқ фуқаролар ушбу талабга рози бўлмаган. Сабаби улар сафар харажатларини аввалдан тўлаб бўлган.

'Умрага отланган 104 нафар қирғизистонлик Тошкентда қолиб кетди'ning rasmi

Саудия Арабистонига зиёратга кетаётган фуқаролар 12 ноябрдан буён Тошкентдан учиб кета олмаяпти. "Нур-Умра" компанияси улардан манзилга етказиш учун қўшимча 400 доллардан тўлашни талаб қилган.

Умра зиёратини амалга ошириш учун Саудия Арабистонига йўл олган 104 нафар Қирғизистон фуқароси бир неча кундан буён Тошкентда қолиб кетган. Бу ҳақда 16 ноябрь куни Қирғизистон Жогорку Кенешининг тегишли қўмитаси йиғилишида депутат Бурул Аманова маълум қилди.

Депутатнинг сўзларига кўра, Тошкентда қолиб кетган зиёратчиларнинг аксарияти Жалолобод ва Боткен вилоятлари аҳолиси ҳисобланади. Уларнинг кўпчилиги нафақа ёшида бўлиб, соғлиғида муаммолар мавжуд.

Қайд этилишича, 16 ноябрь куни зиёратчиларнинг кечқурун учиб кетиши ташкил этилиши ваъда қилинган. Бироқ аниқ рейслар ҳақида маълумот берилмагани сабабли фуқаролар турган жойидан чиқариб юборилишидан хавотирда.

Бурул Аманова "Нур-Умра" компанияси вакиллари билан ҳам боғланган. Унинг айтишича, компания вакиллари ҳар бир зиёратчи қўшимча 400 доллардан тўлаган тақдирдагина уларни манзилга жўнатишга тайёрлигини билдирган.

Бироқ фуқаролар ушбу талабга рози бўлмаган. Сабаби улар сафар харажатларини аввалдан тўлаб бўлган. Бундан ташқари, депутатнинг маълум қилишича, зиёратчилар илгари ҳам ҳар бири қўшимча 100 доллардан тўлашга мажбур бўлган.

Шу муносабат билан депутат Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ва мамлакат муфтийлигини вазиятга аралашишга, фуқароларнинг муаммосини ҳал қилиш ва уларга ёрдам беришга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, 13 ноябрь куни Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси фуқароларни Умра зиёратини ташкил этувчи сайёҳлик компанияларини танлашда эҳтиёткор бўлишга чақирган эди. Муфтийликка «Нур-Умра» компанияси фаолияти юзасидан бир неча бор телефон орқали мурожаатлар ва расмий шикоятлар келиб тушгани маълум қилинган.

Идора маълумотларига кўра, компания зиёратчиларни «Умра» ягона электрон иловасида рўйхатдан ўтказмасдан сафарга жўнатган. Бу ҳолат юзасидан тегишли бўлим томонидан далолатнома тузилган ва компания вакилларига бир неча бор огоҳлантириш берилган.

Шу билан бирга, муфтийликнинг 13 ноябрдаги мурожаатида 100 дан ортиқ Қирғизистон фуқароси бир неча кундан буён Тошкентда қолиб кетгани ҳақида маълумот берилмаган. Идора фақат компания фаолияти юзасидан тўпланган материаллар идоралараро комиссияга кўриб чиқиш учун юборилганини билдирган.

Текширув натижаларига кўра, қонунчилик доирасида тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинган.

    Бошқа янгиликлар