"Чўқинтирган ота" ва "боссларнинг босси" лақаблари билан танилган Феликс Гальярдо ўзининг она шаҳри Гвадалахарадаги клиникада вафот этган. У сўнгги кунларини қамоқхона полицияси қўриқлови остида ўтказган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
1980-йилларда Гальярдо Мексика наркокартелларини Колумбиянинг Пабло Эскобар картели билан бирлаштириб, гиёҳванд моддалар савдосидаги кучлар мувозанатини ўзгартирган. Мазкур ҳамкорлик орқали АҚШга жами кокаиннинг 80 фоизигача етказиб берилган.
Ўз ҳокимиятининг энг юқори чўққисида Гальярдо Мексика полицияси ва губернаторлар устидан таъсирга эга бўлган. Унинг жиноий империясида логистика ишларига эса кейинчалик Синалоа картели раҳбарига айланган Хоакин «Эль Чапо» Гусман масъул бўлган.
Гвадалахара картелининг таназзули 1985 йилда АҚШ Наркотикларга қарши кураш бошқармаси (DEA) агенти Энрике «Кики» Камарена ўлдирилганидан кейин бошланган. Шундан сўнг АҚШ томонидан кенг кўламли рейдлар ўтказилган ва 1989 йилда Гальярдо ҳибсга олинган.
2022 йилда соғлиғи жиддий ёмонлашган наркобаронни уй қамоғига ўтказиш режалаштирилган. Бироқ электрон билагузукдаги носозлик сабабли бу жараён амалга ошмаган ва у қамоқда қолган.
Қайд этиш жоиз, Феликс Гальярдонинг ҳаёт йўли Netflix платформасида намойиш этилган «Наркос: Мексика» сериалида ҳам акс эттирилган.






