Украина президенти аҳолини 16 ноябрь кечаси, 17 ноябрь тунги вақтда ва кун давомида ҳаво ҳужуми ҳақидаги огоҳлантиришларга эътиборли бўлишга чақирди.
Украина президенти Владимир Зеленский Россия Украинага янги ракета зарбалари беришга тайёрланаётган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. У аҳолини ҳаво ҳужуми сигналларига бепарво бўлмасликка чақирди.
Зеленскийнинг айтишича, разведка маълумотлари Россия баллистик ва қанотли ракеталар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни режалаштираётганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда у Олий бош қўмондонлик штабидаги йиғилишдан кейин маълум қилган.
Украина раҳбари 16 ноябрь кечаси, 17 ноябрь тунги вақтда ва кун давомида ҳаво ҳужуми ҳақидаги огоҳлантиришларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.
Шунингдек, Зеленский Украина АҚШ ва Европа ҳамкорлари билан эҳтимолий музокара жараёнидаги кейинги қадамларни муҳокама қилганини билдирган.
У Ғарб давлатлари билан Россиянинг баллистик ракеталарни учириш қурилмаларини йўқ қилиш масаласини яна кун тартибига қайтариш зарурлигини айтган. Зеленскийнинг таъкидлашича, Ғарб давлатларида бунинг учун зарур технологиялар мавжуд.






