Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан Дональд Трамп ва Америка халқига тақдим этилган миллий айвонлар Вашингтонда ўрнатилди. Улар икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик рамзига айланиши кутилмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сидиқов маълум қилди.
Қайд этилишича, ўзбек миллий меъморчилиги ва ҳунармандчилиги намуналарини ўзида мужассам этган айвонлар Вашингтондаги тарихий "Уэст Потомак" (West Potomac Park) боғида ўрнатилган. Тақдимот маросимида Ўзбекистон томони совғани Америка халқи номидан қабул қилгани учун АҚШ Президенти Дональд Трампга миннатдорлик билдирган.
Маросим давомида Трампнинг вертолёти боғ узра парвоз қилган. Бу ҳолат тадбирга ўзига хос рамзий маъно бағишлаган.
Маълум қилинишича, айвонлар нафақат икки давлат ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик тимсоли, балки хорижлик сайёҳларни ўзбек маданияти ва санъати билан таништирувчи маскан сифатида ҳам хизмат қилиши режалаштирилган.
Шунингдек, ушбу ҳудуд АҚШда истиқомат қилаётган ўзбек диаспораси учун миллий қадриятлар ва анъаналарни асраб-авайлаш, маданий тадбирлар ўтказиш имконини бериши кутилмоқда.






