АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Эпштейн ўлдирилган бўлиши мумкин

Aмерикалик эксперт шундай хулосага келди.

'Эпштейн ўлдирилган бўлиши мумкин'ning rasmi

Америкалик суд-тиббиёт эксперти Майкл Фриман вояга етмаганларни жинсий эксплуатация қилишда айбланган америкалик молиячи Жеффри Эпштейн қамоқхонада ўз жонига қасд қилмаган, балки ўлдирилган бўлиши мумкин, деган хулосага келди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, Фриман бир йил давомида Эпштейннинг акаси Марк Эпштейн тақдим этган суд-тиббиёт экспертизаси материалларини ўрганган.

Экспертнинг фикрича, молиячининг чап елкасидаги қонталаш, юзидаги жароҳатлар ва бўйнидаги тирноқ излари унга ҳужум қилинган бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Унинг тахминига кўра, бўйиндаги тирноқ излари Эпштейн сиртмоқдан халос бўлишга уринган пайтда пайдо бўлган бўлиши мумкин.

«Жароҳатлар ва жасаднинг қандай ҳолатда топилгани бир-бирига мос келмайди. Демак, фақат битта изоҳ қолади: ўлим қотиллик натижаси бўлган», — деган профессор Фриман.

Бироқ экспертнинг бу хулосасига нисбатан муҳим жиҳатлар ҳам бор. Жумладан, Фриман Эпштейннинг жасадини шахсан кўздан кечирмаган. Шунингдек, унинг тадқиқоти бошқа мутахассислар томонидан мустақил тақриздан ўтказилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда ўтказилган расмий суд-тиббий экспертизаси Жеффри Эпштейннинг ўлими ўзини осиш орқали содир этилган ўз жонига қасд қилиш бўлган, деган хулосага келган эди.

66 ёшли Жеффри Эпштейн 2019 йил 10 август куни Нью-Йоркдаги қамоқхона камерасида ўлик ҳолда топилган. У ўша вақтда вояга етмаганларни жинсий эксплуатация қилиш билан боғлиқ айбловлар бўйича судни кутаётган эди. Унга ўнлаб йиллик қамоқ жазоси хавф солаётганди.

    Бошқа янгиликлар