Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бу ҳақда 17 ноябрь куни Масқат шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид ўртасида бўлиб ўтган музокаралар якунида келишувга эришилди.
Давлат раҳбарлари Масқат шаҳридаги "Ал-Аълам" саройида дастлаб тор доирада, кейин эса расмий делегациялар иштирокида учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда сўнгги йилларда сиёсий мулоқот ва идоралараро алмашинувлар фаоллашгани, товар айирбошлаш ҳамда инвестициялар ҳажми барқарор ошиб бораётгани қайд этилди. Шунингдек, жорий йил июль ойидан Тошкент ва Масқат шаҳарлари ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди.
Томонлар савдо, инвестиция, транспорт ва логистика, энергетика, электротехника, кимё, тоғ-кон саноати, шаҳарсозлик, туризм, қишлоқ хўжалиги, космик тадқиқотлар ҳамда рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.
Музокараларда Ўзбекистон – Ўмон инвестиция компаниясининг устав капиталини икки баробарга ошириб, 500 миллион долларга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўмон маблағлари иштирокида ташкил этилган Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция жамғармаси фаолиятини тез фурсатларда йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Маданий-гуманитар соҳада ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида маданият ва санъат ҳафталиклари, ёшлар форумини ташкил этиш, ноёб қўлёзмаларни рақамлаштириш ва биргаликда тадқиқ қилиш, қадимий шаҳарлар ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш таклиф этилди.
Шунингдек, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашиб, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати ҳамда "Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё" формати доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлигини қайд этди.
Томонлар эришилган келишувлар ижросини таъминлаш учун махсус "йўл харитаси"ни қабул қилиш ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш механизмини йўлга қўйишга ҳам келишиб олди.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саидни Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келишга таклиф қилди.






