АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Нетаняҳу давлат тўнтаришига уринишда айбланди

Маълум қилинишича, Норден полиция ходимларини Нетаняҳу идорасининг собиқ ходими билан боғлаган.

'Нетаняҳу давлат тўнтаришига уринишда айбланди'ning rasmi

Исроил мухолифати вакиллари мамлакатнинг лавозимидан кетаётган бош вазири Биньямин Нетаньяҳуни давлат тўнтаришига уринишда айблади. Бунга унинг идораси сайловлар арафасида араб партияси аъзоларига нисбатан асоссиз айбловлар уюштиришга урингани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлди. Бу ҳақда "Al Jazeera" хабар берди.

16 ноябрь куни Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Нетаняҳунинг ҳаракатларини кескин қоралади.

"Тафсилотлар ойдинлашгани сари бир нарса аниқ бўлмоқда: бу шунчаки сайловларга халақит беришга уриниш эмас. Бу давлат тўнтаришига уриниш эди", деб ёзди у.

Бунга Исроилнинг "Channel 12" телеканали 15 ноябрь куни эълон қилган суриштируви сабаб бўлди. Унда айтилишича, 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайловлар арафасида Нетаньяҳу аппарати раҳбари Идо Норден полицияга қўнғироқ қилиб, арабларнинг "Раам" партияси аъзолари устидан шикоят қилган.

Маълум қилинишича, Норден полиция ходимларини Нетаньяҳу идорасининг собиқ ходими билан боғлаган. У ўзини разведка манбаси сифатида таништирган. Унинг маълумотлари асосида "Раам" партиясининг уч нафар аъзоси ҳибсга олинган. Бироқ кейинчалик полиция келтирилган маълумотларни асоссиз деб топиб, уларни озод қилган.

Шунингдек, "Haaretz" газетаси ҳам "Шин Бет" ички хавфсизлик хизмати раҳбари араблар етакчилигидаги "Бирлашган рўйхат" партияси вакилларининг телефон суҳбатларини тинглашга урингани ҳақида хабар берди. Бироқ бош прокурор далиллар етарли эмаслиги сабабли бунга рухсат бермаган.

Исроил полицияси мазкур ҳолат юзасидан қарор қабул қилиш ва маълумот узатиш жараёнларини ўрганишини билдирган. Нетаняҳу раҳбарлик қиладиган "Ликуд" партияси эса тарқалган хабарларни рад этган.

Эслатиб ўтамиз, сайловлардан кейин Нетаньяҳу араб партияларини овоз бериш жараёнини сохталаштиришда айблаган эди. Ўшанда араб партиялари Кнессетда рекорд даражадаги 19 та ўринни қўлга киритган.

"Қора режим"

"Бирлашган рўйхат" партияси етакчиси Юсуф Жабарин ҳам юзага келган вазиятни Нетаняҳунинг давлат тўнтаришига уриниши сифатида баҳолади. У "Шин Бет" билан боғлиқ айбловларни "қора режимларга хос ҳаракатлар" деб атади.

"Раам" партияси депутати, полициянинг собиқ раҳбари Йоав Сегаловиц эса ушбу ҳолат юзасидан зудлик билан тергов ўтказишга чақирди.

"Нетаньяҳу сайловлар сохталаштирилаётгани ҳақида жар солди. Ваҳоланки, унинг ўзи мамлакатни ўзлаштиришга уринган ва ҳозир ҳам бу ҳаракатларини давом эттирмоқда", деб ёзди у ижтимоий тармоқларда.

Нетаньяҳунинг асосий сиёсий рақиби Гади Айзенкот ҳам вазиятга муносабат билдириб, лавозимини тарк этаётган бош вазирни Исроил демократияси учун аниқ ва бевосита таҳдид деб атади.

Маълумот учун, сайловлардан сўнг Нетаняҳунинг сиёсий блоки ҳам, Айзенкот бошчилигидаги мухолифат гуруҳи ҳам ҳукумат тузиш учун зарур бўлган 61 та депутатлик ўрнини қўлга кирита олмаган. Бироқ "Бирлашган рўйхат" ва "Раам" партиялари коалицияга раҳбарлик қилиш масаласида Айзенкот номзодини қўллаб-қувватлашини билдирган.

    Бошқа янгиликлар