Бугун, 18 ноябрь куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида Россия Президенти Владимир Путин ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (ОТИҲ) форумининг 33-саммити доирасида ўтказилди. Бу ҳақда Хитой давлат ахборот агентлиги "Синьхуа" хабар берди.
«South China Morning Post» нашрининг ёзишича, учрашувда икки давлат раҳбарлари Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг барқарорлигини таъкидлаган. Си Цзиньпин икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни шамол ва ёмғирга бардош берадиган тоғга қиёслаб, халқаро вазиятдаги ноаниқликлар кучайиб бораётган бир пайтда глобал барқарорликни мустаҳкамлаш зарурлигини билдирган.
Владимир Путин эса халқаро вазият мураккаблашиб бораётганига қарамай, Москва ва Пекин ўртасидаги сиёсий ҳамкорлик конструктив руҳда ривожланаётганини таъкидлаган.
Музокаралар давомида икки мамлакат раҳбарлари янада адолатли кўп қутбли дунё тартибини шакллантириш ва халқаро муносабатларни демократлаштириш масалаларига ҳам тўхталган.
Эслатиб ўтамиз, эртага, 19 ноябрь куни Шэньчжэнь шаҳрида Хитой, Россия ва АҚШ раҳбарлари — Си Цзиньпин, Владимир Путин ҳамда Дональд Трампнинг илк уч томонлама учрашуви бўлиб ўтиши кутилмоқда. Учрашув Хитой Ташқи ишлар вазирлиги, Кремль ва Оқ уй томонидан тасдиқланган.






