АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

АҚШда Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидаги қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш фонди очилди

Ҳозирда улар ҳамкор ўқув маркази томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида мактаб дарсларидан ташқари ҳафтасига олти кун онлайн тарзда бепул таълим олмоқда.

'АҚШда Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидаги қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш фонди очилди'ning rasmi

АҚШнинг Виржиния штатида Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида яшовчи иқтидорли қизлар таълимини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Girls Education Fund” хайрия фонди расман иш бошлади. Лойиҳа АҚШда яшаётган ўзбекистонлик ватандошлар ташаббуси билан ташкил этилган.

Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, фонд АҚШ қонунчилигига мувофиқ нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказилган. Унинг асосчилари ватандошлар Фарҳод ва Севара Султон ҳамда Америкадаги ўзбек диаспораси вакилларидир.

Фонднинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида яшовчи иқтидорли қизларга инглиз тили ва математика фанларидан бепул таълим бериш, уларни олий таълим муассасаларига киришга тайёрлаш ва касбий ривожланишига кўмаклашишдан иборат.

Фонд ҳаммуассиси Севара Султоннинг айтишича, ёзда эълон қилинган биринчи танловга мамлакатнинг турли ҳудудларидан 236 та ариза келиб тушган. Иншо ёзиш ва суҳбат босқичларидан иборат саралаш натижасида 10 та ҳудуддан 20 нафар қиз лойиҳанинг биринчи босқич иштирокчиси сифатида танлаб олинган.

Ҳозирда улар ҳамкор ўқув маркази томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида мактаб дарсларидан ташқари ҳафтасига олти кун онлайн тарзда бепул таълим олмоқда.

Фонд келгусида иштирокчилар сонини 500 нафарга етказиш, қизларни халқаро таълим дастурларига жалб қилиш ва хорижий университетларга ўқишга киришларига ёрдам беришни режалаштирган.

Шунингдек, очилиш маросимида ҳомийлардан бири биринчи гуруҳ иштирокчиларининг таълимини молиялаштириш учун маблағ ажратгани маълум қилинди.

    Бошқа янгиликлар