АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ўзбекистонда фуқароларга маош оладиган банкни танлаш ҳуқуқи берилди

Маълум қилинишича, янги тартиб "Маблағларни тақсимлаш маркази" орқали амалга оширилади.

'Ўзбекистонда фуқароларга маош оладиган банкни танлаш ҳуқуқи берилди'ning rasmi

Ўзбекистонда энди ходимлар иш берувчи қайси банк билан ҳамкорлик қилишидан қатъи назар, иш ҳақи ва бошқа тўловларни ўзлари танлаган банк картасига олиши мумкин. Бу имконият ҳозирча хусусий сектор ташкилотлари ходимлари учун жорий этилди.

Бу ҳақда 18 ноябрь куни Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, янги тартиб "Маблағларни тақсимлаш маркази" орқали амалга оширилади. Ушбу тизим ходимларни иш берувчи фойдаланадиган банкда мажбуран алоҳида карта очиш заруратидан халос қилади.

Авваллари ташкилотнинг иш ҳақи лойиҳаси қайси банкда юритилса, ходимлар ҳам, одатда, шу банкдан карта очиши керак эди. Бошқа банк картасидан фойдаланадиган фуқаролар эса иш ҳақини олгач, маблағларни ўз картасига ўтказишга мажбур бўларди.

Янги тизимда эса ходим ўзига қулай банкни мустақил танлайди. Бунинг учун у танлаган банкидаги банк картаси ёки электрон ҳамён реквизитларини иш берувчининг бухгалтерия бўлимига тақдим этиши керак.

Шундан сўнг иш берувчининг банки тўлов маълумотларини "Маблағларни тақсимлаш маркази"га юборади. Марказ маълумотларни текшириб, маблағларни ходим танлаган банкка йўналтиради.

Бунда банк картаси ёки электрон ҳамён ходимнинг ўз номига расмийлаштирилган бўлиши шарт. Шунингдек, фуқаро исталган вақтда бошқа банкни танлаши ёки аввал тақдим этган реквизитларини ўзгартириши мумкин.

Ҳозирча тизимнинг биринчи версияси фақат хусусий сектор ташкилотларида ишлаётган ходимлар учун амал қилади. Кейинги янгиланишларда фойдаланувчиларнинг таклифлари инобатга олиниб, янги имкониятлар қўшиб борилиши режалаштирилган.

Қайд этиш жоизки, мазкур тизимни жорий этиш вазифаси Президентнинг 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ–359-сон қарорида белгиланган. Унинг асосий мақсади фуқароларнинг банк танлаш имкониятини кенгайтириш, банклар ўртасида рақобатни кучайтириш ҳамда оммавий тўловлар жараёнини соддалаштиришдан иборат.

    Бошқа янгиликлар