АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Наманганда 12 нафар болага ноқонуний диний таълим бериб келган шахс аниқланди

Болаларнинг саккиз нафари Тожикистон фуқароси бўлиб, уларнинг ҳар бири учун ойига 100 доллардан ҳақ олинган.

'Наманганда 12 нафар болага ноқонуний диний таълим бериб келган шахс аниқланди'ning rasmi

Наманган вилоятининг Янги Наманган туманида ўз хонадонида 12 нафар вояга етмаган болага ноқонуний диний таълим бериб келган шахс аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 1988 йилда туғилган фуқаро ўз уйида ноқонуний ҳужра ташкил этгани ва у ерда болаларга диний сабоқ бериб келгани аниқланган.

Шунингдек, ҳужрада санитария-гигиена талабларига риоя қилинмагани маълум бўлган.

Текширув давомида ушбу хонадонда таълим олаётган болаларнинг бири Самарқанд вилоятидан, уч нафари Наманган вилоятидан, саккиз нафари эса Тожикистондан экани аниқланган.

Қайд этилишича, фуқаро ҳар бир болага диний таълим бериш эвазига уларнинг ота-оналаридан ойига 100 АҚШ долларидан пул олиб келган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янги Наманган тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 229²-моддаси 2-қисми (диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни вақтда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар