Япония 17 ноябрь куни эрталаб мамлакат ҳаво ҳудудига кирган Россияга тегишли бўлиши мумкин бўлган икки ҳарбий самолётни аниқлади. Ҳодиса ортидан Япония Ҳаво ўзини ўзи мудофаа кучларининг қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотига кўра, биринчи самолёт маҳаллий вақт билан соат 04:07 дан 04:10 гача, иккинчиси эса 04:09 дан 04:12 гача Фукуока префектурасидаги Окиносима ороли шимоли-ғарбида Япониянинг ҳудудий ҳаво ҳудудига кирган.
Япония ҳарбийлари қирувчи самолётларни зудлик билан ҳавога кўтариб, хорижий самолётлар экипажларини огоҳлантирган.
Қайд этилишича, ҳаво ҳудудини тарк этган самолётлар Цусима бўғози орқали учиб ўтган. Кейинчалик улар Ёнагуни ороли ва Тайван оралиғидан ўтиб, Тинч океани томон йўналган.
Япония Мудофаа вазири Синдзиро Коидзуми мазкур ҳолатни мамлакат суверенитетининг жиддий бузилиши ва миллий хавфсизлигига таҳдид деб баҳолади.
«Россия самолётларининг ҳаво ҳудудимизни бузиши нафақат Япония суверенитетига жиддий тажовуз, балки хавфсизлигимизга ҳам таҳдиддир. Бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат», деди вазир.
Унинг билдиришича, Токио дипломатик каналлар орқали Москвага кескин норозилик билдирган ва бундай ҳодисалар такрорланмаслиги учун чора кўришни талаб қилган.
Жанубий Корея ҳам Россия самолётларини аниқлади
17 ноябрь куни Жанубий Корея ҳарбийлари ҳам бир нечта Россия самолёти мамлакатнинг ҳаво мудофаасини аниқлаш зонасига кирганини маълум қилди. Бу ҳақда «Yonhap» агентлиги Жанубий Корея Қуролли кучлари Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитасига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, Жанубий Корея ҳарбийлари Россия самолётларини улар ҳаво мудофаасини аниқлаш зонасига киришидан олдин пайқаган. Шундан сўнг эҳтимолий хавфларнинг олдини олиш мақсадида қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилган.
Россия самолётлари мазкур зонани кўп ўтмай тарк этган. Жанубий Корея ҳарбийлари улар мамлакатнинг расмий ҳаво ҳудудини бузмаганини таъкидлаган.
Маълумот учун, ҳаво мудофаасини аниқлаш зонаси давлатнинг расмий ҳаво ҳудуди ҳисобланмайди. У хорижий самолётларни олдиндан аниқлаш ва эҳтимолий хавфларнинг олдини олиш мақсадида белгиланади. Россия ва Хитой эса Жанубий Кореянинг ушбу зона устидан юрисдикциясини тан олмайди.
Бу биринчи ҳолат эмас
Россия ҳарбий самолётлари Япония ҳаво ҳудудини бундан аввал ҳам бузган. Сўнгги шундай ҳолат 2024 йил сентябрь ойида қайд этилган. Ўшанда Россия разведка самолёти Хоккайдо яқинидаги Ребун ороли ҳудудида Япония ҳаво чегарасини уч марта кесиб ўтган.
Япония қирувчи самолётлари хорижий самолёт экипажини огоҳлантириш учун иссиқлик тузоқларидан фойдаланган.
Окиносима ороли яқинида эса бунга ўхшаш ҳодиса охирги марта 2013 йил август ойида содир бўлган. Ўшанда Россия бомбардимончи самолётлари Япония ҳаво ҳудудига кирган.






