Ўзбекистонда фуқароларга иш ҳақи ва бошқа тўловларни ўзлари танлаган банк картаси ёки электрон ҳамёнга олиш имконияти яратилди. Бу ҳақда 18 ноябрь куни Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, янги имконият Маблағларни тақсимлаш маркази орқали йўлга қўйилган.
Аввалги тартибга кўра, ходим иш ҳақини олиши учун иш берувчи ташкилотнинг иш ҳақи лойиҳаси амал қиладиган банкда алоҳида карта очиши талаб этиларди. Ҳатто фуқаронинг бошқа банкда фойдаланиб келаётган картаси бўлса ҳам, иш ҳақини олиш учун қўшимча карта очишга тўғри келарди.
Янги тизим эса ушбу мажбуриятни бекор қилади. Энди ходим ўзига қулай банкни танлаб, мавжуд картаси ёки электрон ҳамёни реквизитларини иш берувчининг бухгалтериясига тақдим этиши мумкин.
Янги тизим қандай ишлайди?
Жараён бир неча босқичда амалга оширилади:
-
Ходим ўзига қулай банкни танлайди;
-
Банк картаси ёки электрон ҳамён реквизитларини иш берувчига тақдим этади;
-
Иш берувчининг банки тўлов маълумотларини Маблағларни тақсимлаш марказига юборади;
-
Марказ маълумотларни текширади;
-
Маблағлар ходим танлаган банкка йўналтирилади.
Шундан сўнг иш ҳақи тўғридан-тўғри ходим танлаган банк картаси ёки электрон ҳамёнига ўтказилади.
Марказий банк маълумотига кўра, тизимнинг биринчи версияси ҳозирча хусусий сектор ташкилотлари учун ишламоқда. Кейинги янгиланишларда фойдаланувчиларнинг таклифлари инобатга олиниб, янги имкониятлар қўшиб борилади.
Шунингдек, ходим кейинчалик банк картаси ёки электрон ҳамён реквизитларини ўзгартириши ҳам мумкин. Бунда карта ёки электрон ҳамён унинг ўз номига расмийлаштирилган бўлиши шарт.






