АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Марказий Осиёнинг тўрт давлати электр савдоси учун ягона платформа яратмоқчи

Тендерда иштирок этиш учун аризалар 2026 йил 30 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 15:00 га қадар қабул қилинади.

'Марказий Осиёнинг тўрт давлати электр савдоси учун ягона платформа яратмоқчи'ning rasmi

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида электр энергиясини савдо қилиш учун ягона платформа ташкил этилиши мумкин. Бу орқали тўрт давлат ўртасида электр энергияси савдосини йўлга қўйиш, ҳисоб-китобларни ягона тизим асосида амалга ошириш режалаштирилмоқда.

"Энергетика" мувофиқлаштириш-диспетчерлик маркази (CDC "Energia") Марказий Осиёда қисқа муддатли электр энергияси бозорини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича халқаро тендер эълон қилди. Бу ҳақда UzReport хабар берди.

Лойиҳа Жаҳон банки молиялаштираётган REMIT — Марказий Осиё минтақавий электр энергияси бозори интеграцияси ва савдоси дастури доирасида амалга оширилади.

Ташаббуснинг асосий мақсади тўрт давлат ўртасида электр энергияси савдосини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, махсус савдо платформасини яратиш ва ҳисоб-китоб тизимини ишга туширишдан иборат.

Тендер ғолиби бўлган консалтинг компанияси платформани ишлаб чиқиш ва жорий этишдан ташқари, уни ишга туширилгандан кейин 24 ой давомида бошқариб боради. Зарур ҳолларда хизмат кўрсатиш муддати кейинги йилларга ҳам узайтирилиши мумкин.

Тендер ҳужжатларига кўра, лойиҳани амалга ошириш 2027 йил май ойида бошланиши кутилмоқда. Савдо тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун шартнома имзоланганидан кейин 18 ой вақт ажратилади.

Келгусида платформани янги савдо маҳсулотлари, иштирокчилар ва бошқа давлатлар ҳисобига кенгайтириш ҳам режалаштирилган.

Тендерда иштирок этиш учун аризалар 2026 йил 30 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 15:00 га қадар қабул қилинади.

Маълумот учун, мазкур ташаббус ҳозирча пилот лойиҳа ҳисобланади. Ягона электр савдоси платформасини яратиш бўйича тендер эълон қилинган, демак, тизим ҳали ишга туширилмаган. 

    Бошқа янгиликлар