Йиғилишда вилоят иқтисодиётининг жорий йилдаги натижалари таҳлил қилиниб, 2027 йил учун устувор вазифалар белгиланди.
Жорий йил якунига кўра, Фарғона вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9,6 фоизга, саноат ишлаб чиқариши 8,5 фоизга, хизматлар ҳажми эса 16,3 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Саноат ва инвестициялар
Вилоятда энергетика, қурилиш материаллари саноати, электротехника ва фармацевтика соҳаларини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Ушбу йўналишларда умумий қиймати камида 20 млрд долларлик инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилган.
2027 йилда вилоятга 6,1 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, саноат ишлаб чиқаришини 9 фоизга ошириш ва экспорт ҳажмини 2 млрд долларга етказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон, Бешариқ ва Фарғона туманларидаги қарийб 1,5 минг гектар самарасиз фойдаланилаётган ерларда махсус саноат зоналарини ташкил этиш таклифи маъқулланди.
Шунингдек, Фарғона шаҳрида 24 гектар майдонда инновацион технопарк ташкил этиб, у ерга 300 млн долларлик лойиҳаларни жойлаштириш, “Элтехсаноат” технопарки ҳудудини 70 гектарга кенгайтириш ва Данғара туманида унинг филиалини очиш таклифлари кўриб чиқилди.
Туризм ва қишлоқ хўжалиги
Марғилон, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида йирик туристик мажмуалар ташкил этиш, Данғара, Ёзёвон, Олтиариқ ва Сўх туманларида замонавий дам олиш масканларини барпо этиш режалари тақдим этилди.
Қишлоқ хўжалигида эса Фарғона, Қува ва Олтиариқ туманларида жами 37 минг гектар майдонда саноатлашган интенсив боғлар барпо этиш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, вилоятда 100 минг бош қорамол боқишга мўлжалланган лойиҳаларни амалга ошириш, Боғдод ва Фурқат туманларини чорвачиликка ихтисослаштириш ҳамда аҳоли хонадонларида паррандачиликни ривожлантириш режалаштирилган.
Аҳоли даромадларини ошириш
Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жорий йил якунига қадар вилоятда ишсизлик даражаси 3 фоизга, камбағаллик даражаси эса 2,7 фоизга тушиши кутилмоқда.
2027 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳисобига 1,1 млн нафар аҳолининг даромадини икки баробар ошириш мақсад қилинган.
Бунинг учун ҳар йили вилоятнинг битта туман ёки шаҳрида 10 тадан маҳаллани саноат, савдо ва хизмат кўрсатишга ихтисослаштириш кўзда тутилмоқда.
Марғилон ва Фарғона шаҳарлари ҳамда Учкўприк туманидаги тўртта техникумда хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни Германия ва Жанубий Корея стандартлари асосида касбга тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш таклиф этилди. Бу орқали йилига 6 минг нафар фуқарони хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун тайёрлаш режалаштирилган.
Йиғилиш якунида Президент вилоят ҳокимлиги ва ислоҳотлар штабига белгиланган лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, аниқ иқтисодий натижаларга эришиш ҳамда аҳоли муаммоларини манзилли ҳал этиш бўйича топшириқлар берди.






