Исроилда ўтган ойда бўлиб ўтган парламент сайловларидан кейин юзага келган сиёсий тангликни бартараф этиш мақсадида вақтинчалик бош вазир Биньямин Нетаньяху ва мухолифат етакчиси Гади Айзенкот ўртасида музокаралар бошланди.
Октябрь ойидаги сайловларда Нетаньяху блоки 53 та, Айзенкот бошчилигидаги тўрт партиядан иборат блок эса 48 та ўринни қўлга киритган. Бироқ 120 ўринли Кнессетда ҳукуматни шакллантириш учун зарур кўпчилик овоз ҳеч бир томонда мавжуд эмас.
29 ноябрь куни Нетаньяху миллий бирлик ҳукуматини тузиш ва бош вазирлик лавозимини навбат билан эгаллашни таклиф қилди. Унинг айтишича, Айзенкот дастлаб бош вазир бўлишига рози.
"Етакчи сифатидаги масъулиятим мендан барча нарсани, ҳатто энг йирик партия тамойилини ҳам четга суришни талаб қилади", деб ёзди Нетаньяху ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
У Айзенкотга ҳукумат фаолиятининг дастлабки босқичида бош вазир бўлиш, ўзи эса бош вазир ўринбосари вазифасини бажаришини таклиф қилган.
Бунга жавобан собиқ армия бош штаби бошлиғи Айзенкот Нетаньяхуни «ҳақиқий ва жадал музокаралар» олиб боришга чақирди. У, шунингдек, "Ликуд" партияси самимий бирликка тайёр бўлса, кейинги 24 соат давомида унинг нияти қанчалик жиддий эканини баҳолашга тайёрлигини билдирган.
Айзенкотга ҳукуматни шакллантириш учун 6 декабрь куни якунланадиган 28 кунлик муддат берилган. Исроил президенти Ицхак Герцог 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайловдан кейин барча партиялар билан маслаҳатлашиб, ҳукумат тузиш вазифасини унга топширган.
Айзенкот Нетаньяхуну ҳокимиятдан четлатиш учун коалиция тузишга ҳаракат қилмоқда. У ҳозиргача икки партия билан келишувга эришган. Бироқ араб партиялари билан ҳамкорлик қилишга қаршилик ва ўта ортодоксал партиялар билан келишувга эриша олмаётгани унинг режаларини қийинлаштирмоқда.
Сайловда араблар етакчилик қиладиган икки сиёсий бирлашма — Бирлашган араб рўйхати ва Қўшма рўйхат жами 19 та ўринни қўлга киритган. Бу араб партияларига ҳукуматни шакллантириш жараёнида ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш имконини бериши мумкин. Бироқ яҳудий партияларининг деярли барчаси сайловдан олдин улар билан коалиция тузмаслигини билдирган.
Нетаньяху миллий бирлик ҳукуматини тузиш таклифини мамлакат хавфсизлигига таҳдидлар билан изоҳлаган. Унинг фикрича, ҳозирги вазиятда бу хавфларга қарши тура оладиган ҳукуматни шакллантириш муҳим.






