2025 йил давомида дунё бўйлаб 47 минг нафар аёл ва қиз турмуш ўртоғи, яқин муносабатда бўлган шахси ёки оила аъзолари томонидан қасддан ўлдирилган. Бу ҳар куни ўртача 129 нафар, ҳар соатда эса беш нафар аёл ва қиз ҳаётдан кўз юмганини англатади. Бу ҳақда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда БМТ-Аёллар ташкилотининг 24 ноябрь куни эълон қилинган ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳисоботда келтирилишича, 2025 йилда дунё бўйлаб аёллар ва қизларга нисбатан жами 78 мингта қотиллик содир этилган. Уларнинг 60 фоизи, яъни 47 мингтаси яқин шерик ёки оила аъзолари томонидан амалга оширилган. Бу эса аёллар учун энг хавфли жойлардан бири ҳануз ўз уйи эканини кўрсатади.
Аёллар ва қизларга нисбатан қотиллик ҳолатларининг энг юқори кўрсаткичи Африкада қайд этилган. Қитъада ҳар 100 минг нафар аёлга 2,9 та ҳолат тўғри келган. Америкада бу кўрсаткич 1,4 та, Океанияда 1,1 та, Осиёда 0,6 та ва Европада 0,5 тани ташкил этган.
Таҳлилларга кўра, бундай қотилликлар кўпинча бир марталик низо оқибатида эмас, балки узоқ вақт давом этган зўравонлик, таҳдид ва тазйиқлар натижасида содир бўлади. Бироқ жисмоний ёки жинсий зўравонликка учраган аёлларнинг аксарияти яқинлари, жамоатчилик ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ёрдам сўрамайди. Бу эса уларнинг ҳимоясиз қолишига ва айбдорларнинг жазодан қутулиб қолишига олиб келиши мумкин.
Ҳисоботда дунё бўйлаб қотилликлар сони камайиб бораётгани, бироқ аёлларга нисбатан қотиллик ҳолатлари бу жараёнга нисбатан секинроқ қисқараётгани ҳам қайд этилган. Жумладан, 2010–2025 йилларда Америкада умумий қотиллик кўрсаткичлари аёлларга нисбатан қотиллик кўрсаткичларига қараганда қарийб икки баравар тезроқ, Европада эса 1,5 баравар тезроқ пасайган.
2025 йилда яқин шерик ёки оила аъзолари томонидан ўлдирилган аёллар ва қизлар сони 2024 йилдаги 50 минг нафарлик кўрсаткичдан кам бўлган. Бироқ БМТ ташкилотлари буни зўравонлик амалда камайганининг исботи сифатида баҳоламаслик кераклигини таъкидлаган. Қайд этилишича, фарқ мамлакатларда маълумотларни тўплаш имкониятлари яхшилангани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
БМТ ташкилотлари ҳукуматлар ва жамоатчиликни аёллар ҳамда қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, жабрланувчиларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш чораларини кучайтиришга чақирган.






