АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Албанияда бош вазир истеъфосини талаб қилган намойишда 30 киши жароҳатланди

Полиция билан тўқнашувлар, кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлар қўлланилиши оқибатида 30 киши жароҳат олди.

'Албанияда бош вазир истеъфосини талаб қилган намойишда 30 киши жароҳатланди'ning rasmi

Албания пойтахти Тирана шаҳрида минглаб одамлар бош вазир Эди Раманинг истеъфосини талаб қилиб кўчага чиқди. Намойишчилар ва полиция ўртасида юз берган тўқнашувлар оқибатида 30 киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва журналистлар жароҳат олди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

28 ноябрь куни бўлиб ўтган намойиш дастлаб тинч ўтган. Бироқ кейинчалик вазирлик биноларидан бирига зарар етказилганидан сўнг вазият кескинлашган. Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган.

Бунга жавобан айрим намойишчилар полиция ходимларига тош, ёндирувчи аралашмалар ва ёғоч таёқлар билан ҳужум қилган. Шунингдек, давлат идоралари бинолари ва кўчалардаги кузатув камераларига ҳам зарар етказишга уринган.

Намойишда иштирок этиш учун Албаниянинг турли ҳудудлари ва хориждан одамлар келган. Тадбир мамлакат мустақиллиги эълон қилинганининг 114 йиллиги нишонланаётган кунда ўтказилган.

Тирана кўчаларига чиққанлар "Истеъфо!" шиорларини янгратиб, ҳукуматдан ўзгаришлар талаб қилган. Улар мамлакатдаги коррупция, турмуш шароитининг оғирлашиши ва фуқаролар ҳуқуқлари етарлича ҳимоя қилинмаётганидан норози эканини билдирган.

Бу чиқишлар май ойи охирида бошланган норозилик намойишларининг давоми ҳисобланади. Дастлаб мамлакат жанубий соҳилида йирик люкс туризм лойиҳаси амалга оширилишига қарши бошланган ҳаракат кейинчалик кенгайган. Мазкур лойиҳа АҚШ президенти Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер асос солган инвестиция компанияси билан боғлиқ.

Кейинчалик норозилик ҳаракати "Фламинго" номи билан танилган. Сентябрь ойида унга талабалар ҳам қўшилиб, таълим сифати ва турмуш даражасини яхшилашни талаб қилган. Вақт ўтиши билан намойишчиларнинг талаблари Эди Раманинг истеъфосини сўрашгача кенгайган.

    Бошқа янгиликлар