Пойтахтимизнинг International Hotel Tashkent меҳмонхонасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига бағишланган медиа-ҳафталик ўтаётгани ҳақида аввалроқ хабар бергандик.
25 январь куни медиа-ҳафталикнинг 3-кунида беш устувор йўналишдан учинчи “Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари”нинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу йўналиш очиқлик ва рақобатни оширишга, эркин иқтисодий фаолиятни таъминлашга, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, иқтисоднинг илғор тармоқлароини фаоллаштириш ва модернизация қилиш, банк-молиявий ислоҳотларни тубдан ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорликни ҳимоя қилиш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, чет эл инвестицияларини жорий қилиш, туризмни самарали ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгартиришларни киритишга йўналтирилган.
Учинчи йўналиш муҳокамасида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Эркин Гадоев, Марказий банк ўринбосари Жаҳонгир Абдурасулов, Иқтисодиёт вазирин ўринбосари Шуҳрат Исмоилов, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бошқарма бошлиғи ўринбосари Вячеслав Пак, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Рустам Аминов, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Анвар Икрамов, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Тешаев, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Шоҳруҳ Шораҳметовлар иштирок этишди.
Эслатиб ўтамиз, медиа-ҳафталик 27 январга қадар ўз ишини давом эттиради.