Уфа шаҳридаги хусусий боғчалардан бирининг тарбиячиси 2 ёшли болани лифтда унутиб қолдирди, деб хабар берди “Тvzvezda.ru” нашри.
24 январь куни бўлиб ўтган воқеани кузатув камераси видеога олди.
Кадрда тарбиячининг бир неча бола билан лифтга кириб келгани, кейин эшик ёпилгани, улар чиқиб кетаётганда болалардан бирининг лифтда ёлғиз қолиб кетгани акс этган. Бола бундан саросимага тушмай, ёшига хос бўлмаган тарзда мулоҳаза юритиб, лифт тугмачасига интилиб, уни босишга ҳаракат қилди. Бироздан кейин эшик очилди ва тарбиячи келиб, болани олиб кетди.
Консьерж аёлнинг айтишича, кузатув камераси орқали лифтда ёлғиз қолган болани кўргач, тўполон кўтарган.
“Қандай қилиб одам бу даражада эътиборсиз бўлиши мумкин? Ахир бола дегани, бир қоп картошка дегани эмас-ку! Болани ҳам унутиб, қолдириб бўладими? Унга бирор кор-ҳол бўлганда нима бўларди?”, деб жаҳл қилди аёл.
Аммо боғча мудираси Юлия болани ҳеч ким унутиб қолдирмаганлигини таъкидлади.
“Аслида вазият сиз ўйлаганчалик жиддий эмас, баъзи бировлар бу видео орқали боғчамиз номига доғ туширишни хоҳлаган, холос. Бола ҳамма қатори чиқишга улгурмай қолган, атиги бир неча сониядан кейин лифт эшиги қайта очилган ва тарбиячи болани лифтдан олиб чиққан”, деб воқеага изоҳ берди у.
У хусусий боғча жойлашган мазкур уйнинг консьержи ҳар доим боғча ходимларидан, болаларини боғчага олиб келиб, олиб кетадиган ота-оналардан шикоят қилишини маълум қилди.
“Болаларни тоза ҳавога сайрга олиб чиқишимиз, мунтазам равишда ота-оналарнинг келиб-кетиши консьерж аёлга ёқмайди. У ҳар доим уйни биз ифлос қилаётганимиздан нолийди. Бўлар-бўлмасга эшик қўнғироғини босиб, болаларни уйғотади, жанжал кўтаради”, деб ахборот берди боғча мудираси.