АсосийJamiyat

​Абдулазиз Камилов Япония Ташқи ишлар вазирига мактуб йўллади

'​Абдулазиз Камилов Япония Ташқи ишлар вазирига мактуб йўллади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Япония Ташқи ишлар вазири Фумио Кисида Жаноби Олийларига Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги билан табриклаб мактуб йўллади.

Мактубда икки мамлакат ўртасида кўп томонлама муносабатларнинг барча жабҳалари бўйича 2002 йилда қабул қилинган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот руҳида очиқ ва самарали сиёсий мулоқот ўрнатилгани таъкидланди.

Шунингдек вазир Ўзбекистон иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини модернизация қилишда, ишлаб чиқариш қувватларини шакллантиришда, энергетика, инфратузилма, телекоммуникация ва бошқа йўналишларни ривожлантириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда Япония томонидан кўрсатилаётган ёрдам юқори баҳоланишини қайд этиб ўтди.

“Маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар изчил ривожланмоқда ва мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистон томони ҳамкорликни, айниқса таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида алоқаларни кенгайтиришга қизиқиш билдиради.

Бугун қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, Япония Ўзбекистоннинг синалган дўсти ва ишончли ҳамкорига айланди.

Самимият билан умид қиламанки, бизнинг ўзаро саъй-ҳаракатимиз билан Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатлар ва стартегик шериклик икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида бундан кейин ҳам ҳар томонлама ривожланади.

Жаноб Кисида, юксак эҳтиромимни ва Сизнинг масъулиятли фаолиятингизда энг самимий тилакларимни қабул этгайсиз”, – дея якунлайди ўз мактубини Абдулазиз Камилов.

    Бошқа янгиликлар