Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 275-сонли умумтаълим мактабида ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида юз берган низо акс этган видеолавҳа тарқалди.
Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълум қилишича, ҳолат юзасидан махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ишчи гуруҳ таркибига бошқарма ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари жалб қилинган.
Қайд этилишича, дарс жараёнида 9-синф ўқувчилари ҳамда информатика фани ўқитувчиси ўртасида жанжал келиб чиққан.
“Мазкур ҳолат бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади. Мактаб ички қоидаларига риоя этмаган ҳамда ушбу ҳолатга жавобгар барча шахсларга нисбатан қонун доирасида тегишли чора кўрилади”, — дейилади расмий муносабатда.






