Суд ҳужжатларига кўра, 2000 йилда туғилган Й.М. 2023 йилда ишлаш мақсадида Россия Федерациясига кетган. Кейинчалик у гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят учун жавобгарликка тортилиб, озодликдан маҳрум этилган.
Жазони ўташ давомида у моддий манфаат эвазига Россия Қуролли кучлари сафида Украинага қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этишга розилик билдирган ва 2025 йил 21 август куни бир йиллик ҳарбий шартнома имзолаган.
Шундан сўнг Й.М. Донецкдаги ҳарбий полигонлардан бирида тайёргарликдан ўтган. Унга ҳарбий кийим-бош, ҳимоя жилети ҳамда АК-74 автомати берилган.
Бироқ ҳарбий тайёргарлик жараёнида соғлиғи ёмонлашгани сабабли у госпиталга ётқизилган. Кейин у госпиталдан қочиб чиқиб, Москвадаги Ўзбекистон Республикаси консуллиги орқали «ватанга қайтиш» гувоҳномасини олган ҳамда 2026 йил 27 январь куни Ўзбекистонга қайтган.
Суд Й.М.ни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромадига ушлаб қолинган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.






