АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда она 3 ёшли қизини 10 минг долларга сотмоқчи бўлди

Тошкент шаҳри Сергели туманида 3 ёшли фарзандини сотишга уринган аёл қўлга олинди.

'Тошкентда она 3 ёшли қизини 10 минг долларга сотмоқчи бўлди'ning rasmi

Маълум қилинишича, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ҳамда Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 1985 йилда туғилган аёл ўзининг 3 ёшли қизини 10 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган вақтида ушланган.

Тергов маълумотларига кўра, аёл аввалдан келишилган тарзда фарзандини нотаниш шахсга пулламоқчи бўлган. У келишилган пул маблағини олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида тўрт кунлик чақалоғини 1500 долларга сотмоқчи бўлган аёл 6 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Бухоро туманида уч кунлик чақалоғини 4 минг долларга сотмоқчи бўлган она ҳам қўлга олингани маълум қилинган.

    Бошқа янгиликлар