Ғазо секторидаги вазиятни барқарорлаштириш ва тинчлик жараёнини йўлга қўйишга қаратилган 15 банддан иборат “йўл харитаси” тақдим этилди. Бу ҳақда Zamon.uz нашри хабар берди.
Ғазо Тинчлик кенгаши бош директори Николай Младенов Х ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали Доналд Трампнинг Ғазо бўйича кенг қамровли тинчлик режасини амалга оширишга қаратилган таклифни эълон қилди.
Маълум қилинишича, режа ХАМАСни босқичма-босқич қуролсизлантириш, Исроил мудофаа кучларини Ғазо ҳудудидан чиқариш, халқаро мониторинг тизимини жорий этиш ҳамда Фаластин бошқарув тузилмаларини мустаҳкамлаш каби муҳим йўналишларни ўз ичига олади.
Таъкидланишича, қуролсизланиш жараёни бир томонлама эмас, балки Фаластин бошчилигида ва халқаро ҳамжамият иштирокида босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган.
Режага мувофиқ:
— БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси асосида тинчлик жараёнига содиқлик таъминланиши;
— гуманитар ёрдам, ёнилғи таъминоти ва назорат пунктлари фаолияти бўйича келишувлар бажарилиши;
— халқаро мониторинг механизми жорий қилиниши;
— Ғазода вақтинчалик фуқаролик бошқаруви тузилиши;
— қуролли тузилмаларни давлат бошқарувидан ажратиш;
— хавфсизлик фақат расмий Фаластин тузилмалари томонидан таъминланиши;
— полиция тизимини ислоҳ қилиш;
— ноқонуний қуролларни босқичма-босқич топшириш;
— ички қуролли тўқнашувлар ва зўравонликларни тақиқлаш;
— халқаро барқарорлаштириш кучларини вақтинча жойлаштириш;
— Исроил қўшинларини Ғазодан босқичма-босқич чиқариш каби вазифалар белгиланган.
Шунингдек, режада Ғазони қайта тиклаш учун ҳудудда тинчлик, хавфсизлик ва расмий бошқарув тўлиқ таъминланиши зарурлиги қайд этилган.






