1

8 ОЙДА ЯРИМ МИЛЛИОНДАН КЎП КИШИНИНГ БАНДЛИГИ ТАЪМИНЛАНДИ

ЖАМИЯТ 04.10.2017, 12:23
8 ОЙДА ЯРИМ МИЛЛИОНДАН КЎП КИШИНИНГ БАНДЛИГИ ТАЪМИНЛАНДИ

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг “2017 йилда аҳоли бандлиги дастури” ижросининг бориши тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Йиғилишда мамлакат ҳудудлари ва иқтисодиёт тармоқларининг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шу жумладан саноат, хизматлар ва сервис соҳасида, уй-жой қурилишида янги объектларни ишга тушириш, кичик бизнесни, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш ҳисобига жорий йилнинг январь-август ойларида 521,5 минг кишининг бандлиги таъминлангани таъкидланди, деб хабар беради Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати.

Депутатлар амалга оширилган ишларни танқидий баҳолаган ҳолда жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида соҳага оид қонунларнинг ижроси суст экани, бунда маҳаллий давлат органлари, шу жумладан, ҳудудларда аҳоли бандлиги билан шуғулланадиган муассасалар ушбу масалага етарли даражада эътибор қаратмаётгани ҳолатларига эътибор қаратдилар. Республиканинг меҳнат бозоридаги вазият мураккаб бўлган 34 та туманларида ишсизлик даражаси ўсгани алоҳида таъкидланди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросини бажаришда тасдиқланган мақсадли дастурларга мувофиқ белгиланган иш ўринларини яратишда баъзи туман ва шаҳарларда камчилик ва юзакичиликка йўл қўйилган. Жумладан, Бахмал, Дўстлик, Навбахор, Гулистон, Сайхунобод каби бир қатор туманларда мақсадли дастурларда белгиланган кўрсаткичлар бажарилмаганлиги ҳисобига салкам 9 мингтага яқин иш ўринлари яратилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқа давлат органлари билан ҳамкорликда 2017 йил учун аҳоли бандлиги дастурининг бажарилишини мониторинг ва таҳлил қилиш имкониятларидан ҳали ҳам етарлича фойдаланмаётгани депутатлар томонидан алоҳида қайд этилиб, бунда 2017 йил учун аҳоли бандлиги дастури параметрларининг амалга оширилишини баҳолаш ишларини яхшилаш ва такомиллаштириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга, депутатлар Ўзбекистонда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормаларига мувофиқ таъминлаш бўйича мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база яратилганлигига, мамлакатимиз қўшилган халқаро Конвенцияларни самарали амалга оширилаётганлигига, соҳага оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан мониторинг қилишни такомиллаштиришга қаратилган қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, йиғилишда мавжуд қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, мазкур масала бўйича парламент ва депутатлик назорати институтларидан кенг фойдаланиш бўйича ҳам аниқ таклифлар билдирилди.

Парламент эшитуви якуни бўйича Дастурнинг ҳудудлар ва тармоқлар кесимида сўзсиз бажарилишини таъминлаш, бунда депутатлар ва ижро органлари ҳамкорлигини янада кучайтириш, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантиришни рағбатлантириш ҳисобига иш ўринлари яратиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар акс этган тегишли қарор қабул қилинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1