АсосийJamiyat

​СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИ Алишер ШАДМАНОВ: “ФАОЛИЯТИМИЗНИНГ БАҲОСИНИ ХАЛҚИМИЗ БЕРИШИ КЕРАК”

'​СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИ Алишер ШАДМАНОВ: “ФАОЛИЯТИМИЗНИНГ БАҲОСИНИ ХАЛҚИМИЗ БЕРИШИ КЕРАК”'ning rasmi

Шу йилнинг 18 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдан ташқари Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ва вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари, Республика тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаси раҳбарлари, илмий текшириш институтлари ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт марказ директорлари иштирок этди.

Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов раислигида ўтказилган йиғилишда Давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган масалалар, ўртага ташланган муаммолар ва уларни ҳал етиш чора-тадбирлари, бунда вазирлик тизимидаги ҳар бир раҳбар-ходимнинг жавобгарлиги, масъулияти ҳақида фикр билдирилди.

— Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз, шу ўтган қисқа вақт ичида президентимиз тиббиёт ходимлари билан 4 маротаба учрашув ўтказди. Ушбу йиғилишларнинг ҳар бирида барчамизни ўйлантираётган, халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб масалалар кўтарилди, — дейди соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов. — Хусусан, куни кеча бўлиб ўтган йиғилиш олиб борилган ислоҳотлар ва уларнинг таҳлилига бағишланди. Тўғри, ҳаракатларимиз натижасиз кетмади. Халқимизнинг саломатлик кўрсаткичларида ишимиз самараси кўринмоқда. Аммо энди хонада ўтириб, ҳисобот ва рақамларга таяниб иш кўришимиз мумкин эмас. Бундай ишлаш мезони халқни қониқтирмайди. Фаолиятимизнинг баҳосини халқимиз бериши керак. Мана шу тизим бизнинг ҳақиқий юзимиз — ишимизнинг кўзгуси бўлади.

Ҳайъат йиғилиши давомида мурожаатлар билан ишлаш, ижро интизоми, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болалик муҳофазаси, тиббиётнинг хусусий секторини ривожлантириш каби масалалар бўйича маърузалар тингланиб, муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида Давлатимиз раҳбарининг топшириқларини ўз вақтида бажариш, тиббиёт ходими фаолияти самараси халқ фикри орқали баҳоланадиган тизим шакллантириш, бунда тиббиётнинг барча бўғини, айниқса бирламчи тиббий-санитария хизматига алоҳида эътибор қаратиш таъкидланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ҳар бир ходим масъулиятни чуқур ҳис этиб, ишлаши лозимлиги, асосий мезон — халқ розилиги экани қайд этилди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар