ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ АКАДЕМИЯСИ ВА ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ ИНҲА УНИВЕРСИТЕТИ ЎРТАСИДА ТАЪЛИМ ВА ИЛМ-ФАН СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК БЎЙИЧА КЕЛИШУВ ИМЗОЛАНДИ.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори С.Бобохўжаевнинг айтишича, мазкур келишув ҳар икки таълим муассасаси ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш, ўқув, услубий ва илмий ишларни ташкил қилиш ҳамда таълим йўналишидаги бошқа масалаларда самарали ҳамкорлик қилиш учун шароит яратишга йўналтирилган.
Ушбу ҳужжат доирасида ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини ошириш, маъруза ўқиш ва бошқа турдаги машғулотларни ўтказиш учун профессор-ўқитувчилар ва илмий кадрлар алмашинуви амалга оширилади. Келишувда таълим жараёнига илғор ўқитиш услублари ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, тадқиқотлар ўтказиш бўйича энг янги техника ва методикаларни ўзлаштириш, илмий кадрлар тайёрлашда ўзаро ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамкорликда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда таълим, илм-фан соҳаси ҳамда Қуролли Кучларни модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништиришга бағишланган суҳбатлар, учрашув ва семинарлар ўтказишни режалаштирган.






