ҚИРҚДАН ОРТИҚ БЕМОР БОЛА ЛАПАРОСКОП ЁРДАМИДА КАМИНВАЗИВ ЙЎЛ БИЛАН ОПЕРАЦИЯ ҚИЛИНДИ
– Дўхтиржон, болам тузаладими? Илтимос, даволаб беринг, яккаю ёлғизим шу ўғлим.
– Хавотир олманг, бир-икки кунда операция қиламиз, фарзандингиз кўрмагандек бўлиб кетади ҳали.
Операция сўзини эшитиб онанинг хавотири кучайди, кўз ёшларини тийиб тура олмади.
– Операция бу – сиз ўйлаган катта жарроҳлик амалиёти эмас, бу ишни замонавий усулда бажарамиз, – деди шифокор онани юпатиб. – Ўша куннинг ўзида болангизни уйга соғлом ҳолда олиб кетишингиз мумкин...
Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида жорий йилнинг август ойидан лапароскопик ускуна ёрдамида каминвазив операциялар ўтказилиши ота-оналар хавотирини камайтириб, болаларнинг қисқа фурсатда соғайиш имкониятини оширди.
– 2014-2016 йилларда муассасамизда капитал реконструкция ишлари амалга оширилиши билан бирга, замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар ўрнатилди, – дейди Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори ўринбосари Дилшод Раҳмонов. – Жумладан, Германиянинг KfW банки томонидан 2014 йилда 17 турдаги, жорий йилда эса 28 турдаги тиббий асбоб-ускуналар келтирилди. Ушбу жиҳозлар орасида болаларда каминвазив операциялар ўтказишга мўлжалланган лапароскоп ускунаси мавжудлиги болалар хирургиясида учрайдиган ўта мураккаб туғма нуқсонли ва орттирилган касалликларни илғор усуллар ёрдамида самарали даволаш имкониятини яратди. Янги ускуна ёрдамида жарроҳлик амалиётини бажариш учун марказимиз ходимлари кейинги икки йил мобайнида бир неча марта Германия ва бошқа давлатларда малака ошириб қайтди, ўқув-семинарларда қатнашди. Ўз навбатида, марказда хорижлик мутахассислар иштирокида ўқув-амалий семинарлар, ходимлар учун маҳорат машғулотлари ташкил этилди.
Жорий йил август ойида марказда ўтказилган ана шундай халқаро анжуманда лапароскопик хирургия бўйича етук мутахассис, германиялик профессор Салмаи Туриал иштирок этиб, болалар каминвазив хирургияси юзасидан ўзининг қимматли тавсияларини берди. Анжуманнинг амалий қисмида эса янги ускуна ёрдамида марказ ходимлари билан бирга ўтказилган жарроҳлик амалиётида қатнашди.
– Германияда малака ошириш жараёнида ҳам профессор Салмаи Туриалдан кўп тажриба ўргандик, – дейди Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази каминвазив хирургия бўлими эндохирурги Жаъфар Қурбонов. – Марказимизда янги ускунада ўтказилган илк операцияларда бу мутахассиснинг иштирок этиши бизга далда бўлди, шу билан бирга, ўз билим ва тажрибамизга ишончни мустаҳкамлади. Натижада ўтган қисқа вақт мобайнида муассасамизда 40 дан ортиқ бемор боладаги қорин бўшлиғи ва кўкрак қафасида учрайдиган хасталикларни лапароскоп ёрдамида каминвазив йўл билан операция қилиб даволашга муваффақ бўлдик. Бу усулнинг энг муҳим афзаллиги шундан иборатки, терида операциядан кейинги жароҳатлар, чандиқлар бўлмайди, бемор шу куниёқ оёққа туради ва қисқа вақтда уйига кетиш учун рухсат берилади. Бу беморлар даволаниш курсини қисқартириб, сарф-харажатлар ҳам камайишига ёрдам беради. Операциядан кейинги асоратлар бир неча маротаба қисқаради.
Марказда келгусида лапароскопик ускуна ёрдамида каминвазив операциялар турини кўпайтириш ва бу соҳада изланишларни давом эттириш кўзда тутилган. Манба: http://uza.uz






