“Қўқон” эркин иқтисодий зонаси учун 709 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, бу ерда кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Айни пайтда маъмурий бино, логистика маркази қуриш, электр-энергияси, сув, табиий газ ва алоқа таъминоти ишлари амалга оширилмоқда. Зонага келадиган 19 километр узунликдаги автомобиль ва темир йўл инфратузилмасини барпо этиш ҳам кўзда тутилган. Шу кунга қадар 18 йирик лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
Иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизация қилиш, аввало, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича янада қулай шароит ва имтиёзлар кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда чет эллик ишбилармонлар учун ҳам кўплаб имтиёзлар яратилган. Шу боис Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея сармоядорларида бу катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган Жанубий Кореянинг йирик компаниялари вакиллари, маҳаллий тадбиркорларнинг “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган ишлар билан танишуви ҳамкорлик учун муҳим қадам бўлди.
– Ўзбекистонда бизнес юритиш учун қулай шароит ва инвестициявий муҳит яратилган, – дейди Корея Республикаси Кичик ва ўрта бизнес федерацияси раиси ўринбосари Ли Хонг Ву. – Айниқса, эркин иқтисодий зоналар ташкил этилгани ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида ҳам келгусида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармонлари ҳамкорлигида кўплаб лойиҳалар амалга оширилишига ишонаман.
10.11.2017 10:48
КОРЕЯЛИКЛАР “ҚЎҚОН” ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИДА






