СИРДАРЁДА 2017-2021 ЙИЛЛАРДА ЯНА 904 АРЗОН УЙ-ЖОЙ ҚУРИЛИШИ БЕЛГИЛАНГАН
Сирдарё вилоятининг Гулистон тумани “Мевазор” массивида ҳар бири 2 сотихдан иборат 3 хонали 38 уй фойдаланишга топширилди.
Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида барпо этилган уйлар “Баҳодир Боёвут қурувчи” фирмаси бунёдкорлари томонидан қурилди.
–Гулистон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида ижарада турар эдик, – дейди 15-махсус мактабгача таълим муассасаси ходими Э.Абдураҳмонова. – Яратганга шукур, янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилган арзон уй-жойлардан бирига кўчиб ўтдик. Бошланғич бадали 15 фоиз экан. Бундан ташқари, ипотека кредити 3 йиллик имтиёзли давр ва дастлабки 5 йилда йиллик миқдор 7 фоиз бўлиб, 15 йил муддатга берилди. Бундай имтиёз ва енгилликлар учун давлатимиздан миннатдормиз. Энди шу ерда тўйлар қиламиз, қиз чиқариб, ўғил уйлаймиз.
Вилоятда 2017-2021 йилларда яна 21 массивда 904 арзон уй-жой қурилиши белгиланган.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.






