19-ноябрь — Аёллар тадбиркорлиги куни сифатида БМТ шафелигида дунёнинг 144 мамлакатида кенг нишонланади. Ташаббуснинг мақсади аёлларга иқтисодий жараёнларда иштирок этиш имконини бериш, етакчи, ихтирочи, янгиликка интилувчи ва тадбиркор аёллар ҳамжамиятини ташкил этиш, иқтисодий ўсиш ва янги ғояларни ҳаётга татбиқ этишдир.
«Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси 2016 йилдан буён шу ташаббусга қўшилиб, иккинчи маротаба ушбу кунда тадбиркор аёллар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тадбир ўтказмоқда. Шу муносабат билан 18 ноябрь куни «Wyndham» меҳмонхонаси мажлислар залида «Ўзбекистон иқтисодий ривожида аёллар тадбиркорлигининг ўрни ва аҳамияти» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади. Унда хорижий ва маҳаллий экспертларнинг аёллар тадбиркорлиги ҳолати, унинг ривожи ва иқтисодиётимиздаги ўрни, аёллар ижтимоий фаоллигини оширишда долзарб вазифалар ҳақидаги маърузалар тингланади. «Зарафшон» концерт залида ассоциация томонидан эълон қилинган кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
Тадбир Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар қўмитаси, Ўзбекистон Олий Мажлисининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва ўзини ўзи бошқариш органларини қўллаб-қувватлаш қўмитаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилади.






