Қарор лойиҳасига кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган ҳамда таҳсил олаётган педагоглар фарзандлари учун тўлов-контракт суммасининг 30 фоизи миқдорида чегирма жорий этилади.
Ҳужжатда қайд этилишича, чегирма бериш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланади. Нотўғри маълумот тақдим этилган ҳолатлар аниқланса, белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб амалга оширилади.
Ариза берувчининг педагог фарзанди эканлиги ёки мазкур мақомдан чиқарилгани давлат олий таълим муассасасининг тегишли ахборот тизими орқали юборилган электрон сўров асосида “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграция платформасидан олинган маълумотлар билан тасдиқланади.
Талабгорлар ўзлари таҳсил олаётган ОТМ ректори номига тўлов-контракт суммасига 30 фоизлик чегирма қўллаш бўйича arizaни “Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш ахборот тизими” — kontrakt.edu.uz орқали юборади.
Чегирма бир йиллик контракт суммасидан ҳисобланади. Масалан, йиллик контракт миқдори 15 миллион сўм бўлса, 4,5 миллион сўм чегирма берилиб, тўлов суммаси 10,5 миллион сўмни ташкил этади.
Чегирма тегишли ўқув йили учун бир марта қўлланади. Шунингдек, у магистратура, сиртқи, кечки, масофавий таълим, қўшма дастурлар ва супер-контракт шаклларига татбиқ этилмайди.
Давлат ОТМларига ўқишга кирган педагоглар фарзандлари учун контракт тўловига чегирма бериш билан боғлиқ харажатлар 2026 йилда республика бюджети доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. 2027 йилдан бошлаб эса ушбу харажатларни бюджет параметрларида назарда тутиш режалаштирилган.
Шунингдек, талабгорнинг ота ёки онаси педагог мақомидан чиқарилса, кейинги ўқув йилидан бошлаб унга чегирма қўллаш тўхтатилади.
Қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда Австрия, Буюк Британия, Швеция, Канада ва Франция каби давлатларнинг олий таълим соҳасидаги тажрибаси ўрганилган. Ҳужжат муҳокамаси 29 майга қадар давом этади.






