Ўзбекистон республикаси ички ишлар вазирлиги 2014 йил 12 март куни «Uz.news» сайтида чоп этилган «Жиззах вилоятида жинсий тажовуз жабрдийдаси ҳимоядан маҳрум» номли мақолага раддия берди.
Ушбу мақолада Фориш тумани «Қорабдол» ҚФЙ, «Нарвон» МФЙ, Нарвон қишлоғида яшовчи фуқаро Абдурайимова Зилола томонидан уни Нормухаммедов Азамат мажбурлаб номусига текканлиги ҳолати юзасидан ёзган аризаси туман ИИБ ходимлари томонидан қабул қилинмаётганлиги ва ушбу аризани кўриб чиқишдан бош тортаётганликлари ҳамда 2013 йилнинг июн ойидан бошлаб қўшниси Азамат Нормухаммедов томонидан зўрлаб келинаётганлиги, А.Нормухаммедов З.Абдураимованинг бўғзига пичоқ тираб зўрлаганлигини, бу ҳақда туман ИИБ профилактика инспектори Қ.Абдурахмоновга ариза билан мурожаат қилганида, профилактика инспектори «бу ноқонуний» - деб аризани қайтариб берганлигини, шундан сўнг З.Абдурайимова Фориш туман ИИБ терговчиси Е.Лочиновга келиб учрашганида Е.Лочинов ҳам унинг аризасини олишни рад етганлигини, З.Абдурайимова қашшоқ ва паст ижтимоий мақомга эга эканлиги учун жабрдийдага айланганлиги такидлаб ўтилган.
Ушбу ёзилган мақола юзасидан текширувлар ўтказилганида мақолада келтириб ўтилган важлар ўз тасдиғини топмаслиги ва асоссиз эканлиги малум бўлди ва Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 15 январ кунги «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунини 34-моддасига мувофиқ раддия берилади.
Фуқаро З.Абдурайимованинг 2013 йил ёз ойларидан бошлаб 2013 йилнинг октябр ойига кадар қўшниси А.Нормухаммедов билан ўзининг уйида доимий равишда ихтиёрий жинсий алоқада бўлиб келганлигини, айни вақтда ҳомиладор эканлигини баён қилиб, фуқаро А.Р.Нормухаммедов у билан бу каби тарзда жинсий алоқада бўлиб келиб ҳомиладор ҳолга келтириб қўйганлиги учун унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраб, 14.02.2014 йилда Фориш тумани ИИБга келиб мурожаат қилган ва шу куни унинг аризаси туман ИИБда тегишли тартибда қайд этилган. Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари туман ИИБ терговчиси Е.Лочинов томонидан олиб борилган.
Суриштирув харакатларида З.Абдурайимова ўзининг ҳимоячиси адвокат С.Серикбаев билан бирга иштирок этиб, ҳимоя ҳуқуқи билан тўлиқ таъминланган.
Ўтказилган Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра фуқаро З.Абдурайимова жинсий ҳаёт кечирганлиги, унинг танасидан мажбурлаб номусга тегишга хос тан жарохатлари ва излари топилмаганлиги у ҳозирги кунда муддати 31-32 хафталик хомиладор эканлиги аниқланган.
Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида фуқаро З.Абдурайимова томонидан унга А.Нормухаммедов пичоқ тираб номусига текканлиги холати унинг аризаси ва суриштирув даврида берган кўргазмаларида умуман баён этилмаган. Бундан ташқари З.Абдурайимова 2013 йил ёз фаслидан то 2014 йил 14 феврал кунига қадар бўлган вақт давомида бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилиш реал имкониятига эга бўлган бўлсада, қачонки хомиладор эканлигини оила-аъзолари томонидан сезиб қолмагунга қадар бу ҳолатни яшириб келган. Бу ҳолатлар эса З.Абдурайимовани номусига мажбурлаб тегилганлигига мантиқан мос келмайди. Шунингдек А.Нормухаммедов суриштирувда берган кўргазмаларида З.Абдурайимованинг розилиги билан уни ўзини уйида доимий равишда жинсий алоқада бўлиб келганлигини, унга нисбатан руҳий ёки жисмоний зўрлик ишлатмаганлигини, З.Абдурайимовани енгил табиатли аёл сифатида олдиндан билганлиги учун унинг хомиласи ундан бўлганлигини рад этган. Шу ва шунга ўхшаш бошқа тўпланган ҳолатлардан келиб чиқиб, терговчи томонидан 23.02.2014 йилда жиноят иши қўзғатишлик Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодекси талабларига кўра жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли рад этиш хақида қарор қабул қилинган.
Фуқаро З.Абдурайимова ва унинг ҳимоячиси С.Серикбаев тўпланган суриштирув ҳужжатлари ва шу асосда қабул қилинган қарор билан тўлиқ танишиб чиққан ва З.Абдурайимованинг туғилажак фарзандини оталигини белгилаш юзасидан келгусида Фуқаролик ишлари бўйича тегишли судловларга мурожаат этиш хуқуқлари тушунтирилган.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, 2014 йил 12 март куни Uz.news веб сайтида чоп этилган «Жиззах вилоятида жинсий тажовуз жабрдийдаси-ҳимоядан маҳрум» номли мақоласида кўрсатиб ўтилган ҳолатларнинг барчаси асоссиз ва реал ҳолатни билмасдан кўр-кўроналик билан ёзилганлиги сабабли раддия билдирилади.