Венесуэланинг Баринас штатидаги тергов изоляторида йирик исён юз берди. Маҳбуслар муассасани назоратга олиб, қўриқчиларга қарши чиқди. Бу ҳақда мамлакат қамоқхоналарини мониторинг қилиш маркази маълум қилди.
Маълумотларга кўра, воқеа 24 май куни содир бўлган. Намойишларда тахминан 1,2 минг эркак ва 100 нафар аёл маҳбус иштирок этган.
Исёнга янги директор сабаб бўлгани айтилмоқда
Хабарларга кўра, бир ҳафта аввал қамоқхонага янги директор — Элвис Макуре Герреро тайинланган. Унинг келиши ортидан маҳбусларга нисбатан қийноқлар, калтаклаш ва кескин тинтувлар бошлангани айтилмоқда.
Шунингдек, Герреро раҳбарликка келгач, 120 нафардан ортиқ маҳбус жазо изоляторларига жойлаштирилган.
Норози маҳбуслар директорнинг лавозимдан четлатилишини талаб қилмоқда.
Қўриқчилар ўт очган, ҳарбийлар газ ишлатган
Исён вақтида маҳбуслар қамоқхона миноралари тепасига чиқиб олган, айримлари эса матрасларга ўт қўйган.
Гувоҳларнинг айтишича, қўриқчилар ва қамоқхонанинг янги раҳбари намойишчиларга қарата ўқ узган. Ҳодиса оқибатида ярадорлар борлиги билдирилмоқда.
Шунингдек, қамоқхона ҳудудига кирган ҳарбийлар кўздан ёш оқизувчи газ қўллагани маълум қилинган.
Венесуэла ҳукумати ҳозирча сукут сақламоқда
Айни пайтгача Венесуэла ҳукумати ҳодиса юзасидан расмий баёнот бермаган.
Қамоқхоналар мониторинги маркази эҳтимолий қонли оқибатлар учун жазони ижро этиш вазири Хулио Гарсия Серпани масъул деб ҳисобламоқда.






