1

Ҳар йили 7 миллион нафар бола гижжага қарши лаборатория текширувидан ўтказилади

ЖАМИЯТ 08.05.2014, 12:01
Ҳар йили 7 миллион нафар бола гижжага қарши лаборатория текширувидан ўтказилади

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли тиббий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечириши учун муносиб шарт-шароит яратиш, санитария-эпидемиологик барқарорликни сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика Бош давлат санитария врачи Саидмурод САИДАЛИЕВ билан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар самаралари хусусида суҳбатлашди.

– Мамлакатимизда аҳолини юқумли касалликлардан ҳимоялашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари ҳамда амалий механизми яратилган, – дейди С.Саидалиев. – Жумладан, тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш тубдан яхшилангани, эмлаш тадбирлари юқори савияда ва уюшқоқлик билан ўтказилаётгани халқимизнинг ҳаёт сифатини ошириш, тиббий-профилактик ишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилаётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрда қабул қилинган «Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Ушбу қарор ижроси туфайли соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинлари қатори санитария-эпидемиология хизматининг ҳам моддий-техник салоҳияти юксалиб, амалиётда замонавий технологиялардан самарали фойдаланилмоқда. Бундай тадбирлар мамлакатимизда санитария-эпидемиология ҳолатини барқарор сақлаш, ўта хавфли юқумли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Санитария-эпидемиология соҳасида барқарорликка эришишда юқумли касалликларга қарши курашиш муҳим омил ҳисобланади. Иммунопрофилактика бу борадаги муҳим йўналишлардан биридир.

Мамлакатимизда болаларни юқумли касалликларга қарши эмлашнинг миллий тақвими яратилган ва у муттасил такомиллаштирилмоқда. Жумладан, 18 ёшгача бўлган болалар ўнта юқумли касалликка қарши эмланмоқда. Чақалоқларни гепатитнинг В турига қарши туғруқхонадаёқ эмлаш йўлга қўйилгани ушбу касаллик бўйича эпидемик вазиятни яхшилаш имконини бераётир. «Соғлом бола йили» Давлат дастурида бу борадаги ишларни такомиллаштириш мақсадида икки юз минг нафар 1-3 ёшли болани  вирусли гепатитнинг А турига қарши эмлаш режалаштирилган. Айни пайтда ушбу чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан изчил иш олиб борилаётир.

Давлат дастурида миллий эмлаш тақвимини такомиллаштириш билан боғлиқ бир қатор вазифалар белгиланган. Режага биноан янги вакциналарни жорий этиш юзасидан иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда болалар ўртасида тез-тез учраётган, уларнинг саломатлигига жиддий таъсир этаётган касалликлардан бўлган диареяга қарши ротавирус вакцинаси қўлланилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТнинг болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида махсус стратегик лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида ҳар йили етти миллион нафарга яқин бола гижжага қарши лаборатория текширувидан ўтказилмоқда. 

Аҳоли ўртасида овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатлар учраб туради.  Жойларда бунинг олдини олиш мақсадида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Маълумки, бу муаммога асосан уй шароитида, санитария-гигиена қоидаларига тўла риоя этилмай тайёрланадиган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш асосий сабаб бўлаётир. Бу жараёнда аҳолининг тиббий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, аҳоли ўртасида овқатдан заҳарланиш ҳолатларини ўрганиш мақсадида узлуксиз профилактик тадбирлар ташкил этилмоқда. Барча деҳқон бозорларида тез айнийдиган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва сотиш жараёни узлуксиз назоратга олинган. Бундай маҳсулотларнинг сифати мунтазам равишда лаборатория текширувидан ўтказилади. Уй шароитида тайёрланган консерва ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг савдосига йўл қўймаслик бўйича мунтазам рейдлар ўтказилаётир. 2013 йилда ўтказилган ана шундай тадбирлар жараёнида уй шароитида тайёрланган тўққиз минг литрдан ортиқ консерва маҳсулотлари ўрнатилган тартибда йўқ қилинди.

Бугунги кунда марказий деҳқон бозорлари ва уларнинг шохобчаларига  мутахассисларимиз бириктирилган. Улар амалдаги чора-тадбирлар режасига мувофиқ санитария назорати олиб бормоқда. Хусусан, бозорларнинг санитария ҳолатини яхшилаш, тозалаш, ободонлаштириш тадбирларининг ўтказилиши, савдога чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати назорат қилиниб, бир вақтнинг ўзида ҳуқуқ-тартибот идоралари, солиқ, ветеринария хизмати ва бозор ходимлари билан ҳамкорликда уй шароитида тайёрланган, сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари савдосининг олдини олишга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бундай муаммоларга қарши курашишда тарғибот-тушунтириш ишлари муҳим омил ҳисобланади. Барча таълим муассасаларида ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзи қоидалари, ботулизм ва бошқа юқумли касалликларнинг олдини олиш юзасидан ижодий ишлар танлови ўтказилмоқда. Мутахассислар маҳаллаларда тушунтириш ишлари олиб бормоқда. Бозорларнинг радиоузеллари орқали радиоролик ҳамда мутахассислар билан мулоқотлар мунтазам бериб борилмоқда. 

– Мамлакатимиз ҳудудига четдан хавфли инфекциялар кириб келишининг олдини олиш ва эпидемиологик барқарорликни кучайтиришда жойларда фаолият юритаётган санитария-эпидемиология лабораторияларининг ўрни катта. Ушбу муассасаларнинг моддий-техника базасини такомиллаштириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Бугунги кунда вилоят, шаҳар ва туманлардаги ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказларида 158 лаборатория фаолият кўрсатмоқда. Ушбу лабораторияларда замонавий текширув услубларининг жорий қилиниши таҳлилларни сифатли ва самарали ўтказиш, мураккаб эпидемиологик вазиятларда зудлик билан зарур чора-тадбирларни кўришга имкон яратмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 2 октябрда қабул қилинган  «Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бўйича барча даволаш-профилактика муассасаларида, жумладан, давлат санитария-эпидемиология назорати марказларида тўлиқ инвентаризация ўтказилиши, моддий-техник базанинг аҳволи баҳоланиши лозимлиги кўрсатилган.

Мазкур қарор ижроси доирасида давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари лабораторияларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Замонавий компьютерлар, полярографлар, хроматографлар, ротацион буғлантиргичлар, газ анализаторлари, иммунофермент анализаторлари ва бошқа техника воситалари олинди. 2013 йилда бактериология лабораторияларида ичак инфекциялари диагностикаси сифатини ошириш мақсадида таҳлиллар ўтказиш учун ишлатиладиган диагностикум ва зардоблар харид қилинди. Бу ишлар лаборатория синовларини қисқа муддатларда, юқори аниқлик билан ўтказиш имконини бермоқда.

Республика Давлат санитария-эпидемиология хизматида ўтказилаётган  бундай тадбирлар натижасида халқаро стандартлар даражасида жиҳозланган, ҳар қандай эпидемик хавфни бартараф қила оладиган, юқумли касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қодир тизим шаклланди.

Бу тизимда эришилаётган ютуқлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Масалан, 2013 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ўтказилган текширув натижасига кўра, Республика ДСЭНМ вирусология лабораторияси Ўзбекистонда қизамиқ-қизилча касалликларининг диагностикаси бўйича Миллий лаборатория сифатида аккредитациядан ўтказилди. Шунингдек, полиомиелит диагностикаси бўйича ўтказилган ишлар ҳақидаги ҳисобот эътироф этилиб, унга полиомиелит диагностикаси бўйича Миллий лаборатория мақоми берилди.

Бу ютуқлар инсон манфаатларини муҳофазалаш йўлида амалга оширилаётган муҳим ислоҳотларнинг  самараларидир. Айни пайтда “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида тизимда амалга оширилаётган ишларни янги, юқори босқичга олиб чиқиш, мамлакатимизда санитария-эпидемиология соҳасида эришилаётган барқарорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

 

                                                        

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1